Ҳамид Саматов жасорати унутилмайди

Каттақўрғон шаҳрида Иккинчи жаҳон уруши йилларида 13 нафар болани бағрига олган каттақўрғонлик Ҳамид Саматовнинг жасоратини акс эттирувчи монументга тамал тоши қўйилди.

Тадбирда иштирок этган шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова, Ҳамид Саматовнинг яқин қариндоши Иброҳим Саматов, нуронийлар ва жамоатчилик вакиллари шаҳардаги Амир Темур шоҳ кўчаси атрофида қурилиши режалаштирилган мазкур монумент ўзбек халқининг, қолаверса каттақўрғонликларнинг инсонпарварлик, бағрикенглик, болажонлик фазилатлари тимсоли бўлиб хизмат қилишини таъкидладилар.

- Ҳамид ака ва у кишининг турмуш ўртоғи Санобар аянинг турли миллатнинг қаровсиз ва етим қолган болаларини фарзандликка олиши, уларни ҳаётда ўз ўринларини топишлари йўлида қилган фидойиликлари юксак жасорат намунасидир, - дейди Г.Алимова. - Ҳ.Саматов билан кўришган отахонларнинг айтишича, Ҳамид бобо ўша даврда хонадонидаги энг қийин, очарчилик, озиқ-овқат қолмаган вақтларда 13 болакайни асраб қолиш учун бор имкониятларини ишга солган. Болалардан икки нафари очликдан ўлиши мумкин бўлиб қолганида Ҳамид Саматов шинели ҳамда этигини бозорга олиб чиқиб, уларни тўрт халта кепакка алмаштириб келади. Шу орқали оиладаги болаларнинг ҳаётини сақлаб қолади. Биз бундай инсонларнинг жасоратини улуғлашимиз керак. 

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.