Ҳамкорликда экология ва биохилма-хиллик муаммолари муҳокама қилинмоқда

Самарқанд давлат университетида “Экология ва табиатдан фойдаланишнинг долзарб муаммолари мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман бошланди. Унда Россия, Беларусь, Литва, Қозоғистон давлатларининг олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари онлайн тарзда қатнашди. 

Халқаро илмий-амалий анжуманда популяциялар экологияси, амалий экология, биохилма-хилликни сақлаб қолиш, экологик хавфсизлик ва озиқ-овқат сифати, экологик таълим-тарбия, барқарор тараққиёт каби долзарб масалалар олимлар, профессор-ўқитувчилар ва ишлаб чиқариш мутахассислари томонидан муҳокама қилинди. 

Кейинги йилларда ер юзида табиатдан фойдаланишнинг кучайиши оқибатида кўплаб ҳайвонот ва ўсимликлар турлари кучли антропоген таъсир остида қолиб, уларнинг яшаш жойлари ва сони қисқарди, баъзилари эса бутунлай йўқ бўлиб кетди. Айниқса, ов объектлари сифатида ва катта амалий аҳамиятга эга бўлган сутэмизувчилар ва қушларнинг йирик турлари, шунингдек, инсон томонидан ўзлаштирилаётган, ташқи таъсирга чидамли бўлмаган экотизимларнинг тарқалиши чекланган ва эндемик турлар катта хавф остида қолди.

Илмий-амалий халқаро анжуманда келгусида атмосферанинг ифлосланиши, чучук сув муаммоси, табиатда ўсимлик ва ҳайвон турларининг қисқариши муаммоларини ўрганиш, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида кадрлар тайёрлаш каби масалаларда ҳамкорликни кенгайтириш режалари тузилади ва амалга ошириш чора-тадбирлар ишлаб чиқилади. Анжуман иши 24 апрелгача давом этади.

Х.Боймуродов,

СамДУ экология ва ҳаёт фаолияти хавфсизлиги кафедраси мудири.