Ҳақорат қилганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик бор
Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” телеграм каналида маълум қилинишича, ҳақорат қилганлик – шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситганлик ёки беодоблик билан қасддан таҳқирлаганлик учун қонунчиликда маъмурий ва жиноий жавобгарлик назарда тутилган.
Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда ҳақорат қилган шахсга нисбатан 4 460 000 сўмдан 8 920 000 сўмгача миқдорда жарима солиниши белгиланган.
Агар ушбу ҳуқуқбузарлик бир йил ичида такроран содир этилса, ҳуқуқбузарга нисбатан жиноий жавобгарлик белгиланади.
✅ Жиноят кодексига асосан ҳақорат қилган шахсга:
👉 44 миллион 600 минг сўмгача миқдорда жарима;
👉 240 соатгача мажбурий жамоат ишлари;
👉 1 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари жазоси берилиши мумкин.
✅ Ҳақорат қилиш нашр қилиш, бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёки ОАВ орқали амалга оширилса, ушбу ҳаракат тўғридан-тўғри жиноят ҳисобланади ва айбдор:
👉 44 миллион 600 минг сўмдан 89 миллион 200 минг сўмгача жарима;
👉 240 соатдан 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари;
👉 1 йилдан 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши мумкин.
Агарда ҳақорат қилиш:
- жабрланувчини ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан боғлиқ ҳолда;
- хавфли рецидивист томонидан;
- туҳмат қилганлиги учун илгари судланган шахс томонидан қилинган бўлса:
👉 89 миллион 200 минг сўмдан 133 миллион 800 минг сўмгача миқдорда жарима;
👉 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари;
👉 1 йилгача озодликни чеклаш;
👉 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.