Ҳақорат қилганлик учун қандай жавобгарлик бор?

  Ҳақорат қилганлик – шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситганлик ёки беодоблик билан қасддан таҳқирлаганлик учун қонунчиликда маъмурий ва жиноий жавобгарлик назарда тутилган.

  Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда ҳақорат қилган шахсга нисбатан 4 460 000 сўмдан 8 920 000 сўмгача миқдорда жарима солиниши белгиланган.

Агар ушбу ҳуқуқбузарлик бир йил ичида такроран содир этилса ҳуқуқбузарга нисбатан жиноий жавобгарлик белгиланади.

 Жиноят кодексига асосан ҳақорат қилган шахсга:

 44 млн 600 минг сўмгача миқдорда жарима;

 240 соатгача мажбурий жамоат ишлари;

 1 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари жазоси берилиши мумкин.

 Ҳақорат қилиш нашр қилиш, бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёки ОАВ орқали амалга оширилса ушбу ҳаракат тўғридан-тўғри жиноят ҳисобланади ва айбдор:

 44 млн 600 минг сўмдан 89 млн 200 минг сўмгача жарима;

 240 соатдан 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари;

 1 йилдан 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши мумкин.

Агарда ҳақорат қилиш:

• жабрланувчини ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан боғлиқ ҳолда;

• хавфли рецидивист томонидан;

• туҳмат қилганлиги учун илгари судланган шахс томонидан қилинган бўлса:

 89 млн 200 минг сўмдан 133 млн 800 минг сўмгача миқдорда жарима;

 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари;

 1 йилгача озодликни чеклаш;

 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.

  Фахриддин Саматов,

  Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.