Ҳар ким уй-жой дахлсизлиги ҳуқуқига эга. Суднинг қарорисиз уй-жойдан маҳрум этилишга йўл қўйилмайди, деган таклифни қўллайман

"Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги конституциявий қонуни лойиҳаси эълон қилинди. Лойиҳани ўқиб, айрим фикрларимни билдиришни маъқул кўрлим. 

Лойиҳада Конституциянинг 27-моддасига 3-хатбошисига қуйидаги ўзгартириш киритилаётгани белгиланган: "...Ҳар ким уй-жой дахлсизлиги ҳуқуқига эга. Суднинг қарорисиз уй-жойдан маҳрум этилишга йўл қўйилмайди.

Ҳеч ким шахснинг уй-жойига ёки бошқа мол-мулкига қонунда назарда тутилганидан бошқача ҳолда ва тартибда киришга, тинтув ўтказишни ёки кўздан кечиришни амалга оширишга ҳақли эмас".

Дарҳақиқат, Конституцияда фуқароларимизнинг уй-жойга бўлган ҳуқуқларини дахлсизлигини кафолатлаш, хусусан, “суднинг қарорисиз ҳеч ким уй-жойидан маҳрум қилинмаслиги керак. Иморат бузилишга тушадиган бўлса, бунинг учун бузишдан олдин унинг қийматига мос равишда компенсация тўланиши шарт.

Қанчадан-қанча фуқароларимизни ўйлантириб келаётган масала бўйича жуда ҳам оқилона ва адолатли таклиф бўлибди. Ўзи ва оиласи яшаб турган уй-жойидан, кичик ватанидан маҳрум бўлиш қанчалик оғир қисмат. Ҳеч кимга сир эмас, ҳар қандай ҳуқуқий демократик давлатда бирор-бир шахснинг мулки қонун асосида суд қарорисиз олиб қўйилиши мумкин эмас. Олинган тақдирда ҳам пули тўлиқ қоплаб берилиши керак. Конституциямизда айнан шундай қоидаларни қатъий муҳрланиши хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш, мулкдор ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлидаги йирик сиёсий қадам бўлади. Қолаверса, бу оила ва уй-жой тушунчаларни бир-биридан айро кўролмайдиган халқимиз учун қувончли хабар бўлади, албатта.

Фикримча, Асосий қонунда шунингдек, “ер хусусий мулк бўлиши мумкин”лиги аниқ белгиланиши лозим.

Конституциямизда ерга нисбатан хусусий мулкчиликни белгиланиши хақиқий ўрта мулкдорлар қатламини шакллантиришга хизмат қилади. Ўз ерига эга бўган юртдошларимизни манфаатларини ҳимоя қилувчи, қўллаб-қувваловчи мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлади. Қолаверса, иқтисодиётимизга инвестиция киритиш истагида бўлган йирик хорижий инвесторларни ҳам сони, ҳам кўламини оширади.

Зайнаб Ҳайдарова,

Нарпай тумани “Меҳнат роҳат” фермер хўжалиги бошлиғи.