Ҳарбий хизматчилар ва талаба-ёшлар спорт турлари бўйича маҳоратларини намойиш этмоқда

Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 28 йиллиги муносабати билан “Ватанпарварлик – миллий юксалиш кафолати!” шиори остида оммавий югуриш марафони бўлиб ўтди.

Университет ҳиёбони бўйлаб ўтказилган марафонда 3 минг нафардан зиёд ҳарбийлар, талаба-ёшлар қатнашди.

Вилоят ҳокимлиги, вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси, Марказий ҳарбий округ ҳамкорлигида ўтказилган мусобақада маррани биринчи бўлиб Марказий ҳарбий округ ҳарбий хизматчиси Илҳом Назаров 8 дақиқада ва СамДУ талабаси, пастдарғомлик Камола Аблаева 13 дақиқада босиб ўтди.

Марафонда “Энг ёш иштирокчи”, “Энг маҳоратли иштирокчи”, “Энг иқтидорли иштирокчи”, “Энг ёши улуғ марафончи”, “Ғалабага бўлган интилиши учун”, “Энг фаол аёл марафончи” номинациялари бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.

Шунингдек, самарқандлик спортчиларнинг  армрейстлинг, шахмат, стол тенниси, кураш, ўзбек жанг санъати, бадминтон, қиличбозлик, камондан ўқ отиш каби спорт турлари бўйича кўргазмали чиқишлари, мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотининг ўқув спорт-техника клубларининг кўргазмалари намойиш этилмоқда.

Ҳусан ЭЛТОЕВ.