Ҳарбийлар фахрийларни йўқлади

Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги ва Самарқанд ҳарбий прокуратураси хизматчилари мудофаа тизимида узоқ йиллар меҳнат қилиб, айни пайтда кексалик гаштини сураётган фахрийлар ҳолидан хабар олмоқда.
9 май – Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан ташкил этилган хайрия акцияси доирасида фахрийларга 8 турдаги асосий озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда тиббий ҳимоя воситалари берилмоқда. Шунингдек, уларнинг яшаш уйларида ҳарбийлар томонидан дезинфекция ишлари ўтказилмоқда.
– Хайр-саховат халқимизнинг азалий қадриятини ҳисобланади, – дейди Марказий округ тасарруфидаги ҳарбий қисм командири ўринбосари, подполковник Улуғбек Раҳимов. – Биз ҳам эзгу қадриятларимизга амал қилган ҳолда фахрийларимиз ҳолидан хабар олиб, улардан касбий кўникма ўрганяпмиз. Фахрийларнинг ўгитлари бугунги кунларда биз учун жуда қимматли.
Самарқанд шаҳрининг “Ҳофиз Шерозий” маҳалласида яшовчи фахрий ҳарбий Зиёдулла Султонов 1966 йилдан 2002 йилгача шу соҳада меҳнат қилган. Мудофаа тизимидаги узоқ йиллик меҳнатдан кейин бугун беш нафар фарзанд, 8 нафар набиранинг ардоғида кексалик гаштини сурмоқда.
– Халқимизнинг меҳр-эътибори ҳар доим, ҳар қандай вазиятда одамни руҳлантиради, – Зиёдулла Султонов. – Бугунги кунларда, айниқса, ана шундай меҳр-оқибатнинг қадрига бебаҳо. Ҳамкасбларимнинг йўқлаб келиши кўнглимни тоғдек кўтарди. Улар билан бўлган қисқа суҳбатдан ўзгача куч олдим. Барибир одам одам билан тирик. Мудофаа тизимидаги ўзгаришларни кузатиб бораяпман. Ҳозирги ҳарбийларга ҳавасим келади. Соҳа тубдан ўзгарди. Суҳбатимиз давомида тажрибамдан келиб чиқиб, уларга ўз тавсияларимни бердим.
А.ИСРОИЛОВ