Ҳарбийлар ташаббуси билан озодликдан маҳрум этилганларга концерт дастури намойиш этилди

Марказий ҳарбий округга қарашли Самарқанд шаҳридаги сафарбарлик чақируви батальон раҳбарияти ташаббуси билан озодликдан маҳрум этилганларга концерт дастури намойиш этилди.

Паст Дарғом туманидаги 37-сонли манзил колониясида ўтказилган тадбирда ҳарбий хизматчилар томонидан маҳкума аёлларга гуллар совға қилинди.

– Биз бундай байрамона концерт дастурини кутмагандик, – дейди маҳкума Феруза Исматова. – Ҳарбийларга раҳмат. Кўнглимиз тоғдай кўтарилди. Оз бўлса-да, ғам-ташвишларимизни унутдик.

Самарқанд гарнизони маънавият ва маърифат маркази ҳарбий оркестри томонидан янграган куй-қўшиқлар барчага хуш кайфият улашди. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши томонидан маҳкумаларга китоблар топширилди.

– “Ватанпарварлик ойлиги” доирасидаги бундай тадбирлар меҳрибонлик уйларидан тортиб, жазони ижро этиш муассасаларигача ўтказилмоқда, – дейди капитан Воҳид Ҳамидов. – Бундан кўзланган мақсад ватанпарварлик туйғусини ҳар бир қалбда шакллантиришдан иборат.

Тадбирда иштирок этган 200 га яқин маҳкумалар номидан 37-сонли манзил колонияси раҳбарияти ҳарбий хизматчиларга миннатдорчилик билдирди.