“Ҳатто жасадини олишга ҳам терговчилар рухсат беришмаганди”: Жомбойда ўтган Сенатор ва фахрийлар учрашувида “Пахта иши” қатағони қурбонлари ёдга олинди

“Нуроний” жамғармаси Васийлик кенгаши раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси, Содиқжон Турдиев Жомбой туманида бўлиб, меҳнат фахрийлари билан суҳбатлашди.
Тадбирда сўзга чиққанлар жумладан, ўтган асрнинг 80 йилларида “Пахта иши” деб аталган қатағонлар, бунинг натижасида бегуноҳ одамлар жабр кўрганлиги ҳақида ҳам сўз юритди.
– Қатағонга учраганлар орасида Жомбой туманидаги колхоз раислари, бригада бошлиқлари, ҳисобчилар, оддий қишлоқ одамлари ҳам бор эди, – дейди С. Турдиев. – Хусусан, бу қийноқлар ўша пайтда вилоятдаги илғор хўжаликлардан бири бўлган “Правда” колхози раиси лавозимида ишлаб келган Б.Нодировни ҳам четлаб ўтмади.
Барот Нодиров бошқа ҳибсга олинганлар қатори пахтани қўшиб ёзишда ва юқори мансабдор шахсларга пора берганликда айбланган. Табиийки, у барча айбловларни рад этган. Натижада Гдлян ва Ивановнинг одамлари уни қаттиқ қийноқларга дучор қилган. Қўйилган айбловларни тан олмаганига қарамай, суд Б. Нодировни 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилган. Мустақиллик даврида Б.Нодиров тўлиқ оқланиб, ўз ишига қайта тикланган. Кейинчалик Б.Нодиров давлат раҳбари томонидан орден ва медаллар билан тақдирланган.
Суд ҳукми эълон қилинаётганда юрак хуружи оқибатида суд залида вафот этган “Жомбой” совхози директори, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Эргаш Нурматовнинг тақдири анча аянчли якунланган.
- Милиция ходимлари Э.Нурматовнинг жасадини яқинларига олиб кетишга ҳам рухсат бермади, юқоридан тегишли кўрсатма талаб қилишди, – дейди меҳнат фахрийси A.Мардиев. - Чунки у пайтларда республика қонунлари амалда эмас, фақат Москвадан келган терговчилар Гдлян ва Ивановнинг кўрсатмалари амалда эди.
– Ушбу учрашувдан катта таассурот олдим, – дейди тадбир иштирокчиси Нозанин Тоҳирова. - Биз бундай қатағонлар ҳақида фақат филмларда кўрардик ва китоблардан ўқирдик. Бугун биз тўғридан-тўғри ўша даҳшатли воқеалар гувоҳлари билан учрашдик ва ўша пайтдаги ҳаёт ҳақида кўпроқ билиб олдик.
Тадбирда фахрийларга ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари топширилди.
Ёрмамат РУСТAМОВ.
***
Ушбу мақола халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти лойиҳаси асосида тайёрланди.