Ҳайит хайр-барака, маънавий юксалиш байрами

Вилоятимизда бу йилги Қурбон ҳайитини нишонлаш мақсадида қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Ҳайит намози вилоятнинг 287 та масжидида ўқилиши белгиланган. Намозлар жорий йил 27 май куни соат 5:30 да бошланади.

Масжидларда намоздан олдин тинчлик, бағрикенглик, меҳр-мурувват, инсон қадри ва юрт осойишталиги ҳақида маърифий суҳбатлар ўтказилади.
Халқимиз катта шукроналик билан қарши олаётган Қурбон ҳайити давомида масжидлар, зиёратгоҳлар ва маҳаллаларда поклик, ободонлаштириш ва хайрия тадбирлари ташкил этилади.
Вилоят маркази ҳамда барча туманлардаги йирик масжидларда намозхонлар учун хавфсизлик, тартиб ва қулайлик чоралари кўрилмоқда. Йўл ҳаракати хавфсизлиги, ҳуқуқни ҳимоя қилиш идоралари, транспорт ташкилотлари ҳамкорлигида фуқароларнинг эмин-эркин ибодат қилишлари учун шароитлар яратилади.
Янгиланган Имом Бухорий мажмуасида муборак Қурбон ҳайити намози кўтаринкилик, юксак маънавий муҳит ва файзу барака билан адо қилинади.

Бу йил Ҳаж мавсумида вилоятимиздан 940 нафарга яқин зиёратчи Макка ва Мадинага сафар қилди. Ҳар бир ҳожи учун тиббий хизмат, дори-дармон, яшаш жойи, овқатланиш ва транспорт логистикаси йўлга қўйилди. Айни пайтда малаκали гуруҳ раҳбарлари ва шифокорлар ҳожиларимиз хизматида бўлиб турибди.

Бу галги мавсумнинг энг қувончли ва эътиборли жиҳати шундаки, мамлакатимиздан 100 нафар фуқаронинг Президент ҳожиси сифатида муборак сафарга юборилганидир. Давлатимиз раҳбарининг юксак ғамхўрлиги ва инсон қадрига бўлган юксак эътибори туфайли ушбу фуқаролар Ҳаж ибодатини адо этиш бахтига муяссар бўлдилар. Бу эзгу ташаббус юртимизда инсон манфаати, меҳр-оқибат ва саховат тамойиллари устувор аҳамият касб этаётганининг яна бир ифодасидир.

Унутилмас ва барча ҳожиларимиз қалбида чуқур из қолдирган воқеалардан яна бири – Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ҳаж сафарида бўлиб турган юртдошларимиз ҳолидан телефон орқали хабар олганликлари бўлди. Давлатимиз раҳбари Муфтий ҳазратлари билан самимий мулоқот қилиб, ҳожиларимиз учун яратилган шароитлар, уларнинг саломатлиги ва кайфияти билан қизиқди.

Айниқса, Юртбошимизнинг ҳожиларимизга йўллаган самимий дуо ва эзгу тилаклари Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварада бўлиб турган зиёратчиларимиз қалбида беқиёс мамнуният, фахр ва чексиз шукроналик туйғуларини уйғотди. Бу юксак эътибор ва ғамхўрлик нафақат ҳожиларимиз, балки бутун халқимиз учун катта маънавий қувонч бўлиб, инсон қадри ва эътиқодига қаратилаётган улкан эҳтиромнинг намунаси сифатида тарихга муҳрланди.

Анъанага мувофиқ, Ҳайит айёми кунларида қурбонликлар қилинади. Қурбонлик қилишнинг ҳам тартиб қоидалари бор. Бу Аллоҳ таолога бўлган тақво, итоат ва шукроналикнинг амалий ифодаси. Шариатимизга кўра, қурбонлик 10–12 зулҳижжа кунлари амалга оширилади. Қўй ва эчки бир киши номидан, сигир ва туя эса 7 кишигача шериклик асосида сўйилиши мумкин. Қурбонлик ҳайвони соғлом, айбсиз ва етук бўлиши лозим. Унинг гўшти оила аъзолари, қариндошлар ва муҳтожларга тарқатилиши савобли амалдир. Айни кунларда вилоятимиздаги имом-хатиблар томонидан аҳолига қурбонлик одоблари ва шариат қоидалари бўйича кенг тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Аллоҳ таоло юртимиз тинчлигини, халқимиз бирдамлигини янада мустаҳкамласин. Қурбон ҳайити барчамиз учун хайр-барака, маънавий юксалиш ва эзгуликлар байрами бўлсин!

Аҳмадхон Алимов,
вилоят бош имом-хатиби.