Ҳаётимда гўё Хизр пайдо бўлди

Айни ишлайман, болаларни мустақил ҳаётга тайёрлаш учун ўзингдан бошқа ишонадиган одаминг қолмай юрган пайтинг бирдан ҳаракатдан тўхтаб, ногиронлик аравачасига михланиб қолишдан оғирроғи бўлмаса керак. Шундай тушкун кунларимда гўё Хизр пайдо бўлди-ю, ҳаётимда бирин-кетин жиддий ўзгаришлар юз берди. 
Ҳозир болаларим телевизор орқали Президентимизни кўрса, "Ана, Президент бобомиз чиқди, у кишини қачон кўрамиз, у кишига қандай раҳмат айтамиз", – дейди кўзлари чақнаб. Ҳақиқатан ҳам, ҳеч бир ёруғлик кўринмаётган турмушимизга нур кириб келиши Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг кам таъминланган, ногирон оилаларни қўллаб-қувватлаши билан боғлиқ эди…

Ўшанда биринчи фарзандларимга ҳомиладор эдим. Турмуш ўртоғим билан бахтли турмуш кечираётгандик. Аммо ҳомиладорлигим сабаб инжиқроқ бўлиб қолдим. Бироз вақт ота-онамникида туришимга тўғри келди. Афсус, оиламиз тақдири шу кичик муҳлатда ҳал бўлди-қўйди. Эрим бошқага уйланди. Бу орада эгизакларим Ҳасан ва Ҳусан туғилди. Уларни кўрганда қувонардим, аммо болаларимни қандай боқаман, энди нима қиламан, ахир икки ўғилни бирдан катта қилиш, тарбиялаш ҳеч жойда ишламаган она учун қанчалик мураккаблигини тушуниш қийин эмас. Улар бироз улғайгач, болаларимни онамга ташлаб, отам билан Россияга ишлашга кетдим. Оз-моз пул жамғариб, ер сотиб олдим. Буёғини бир амаллаб тиклармиз, ота-онам ёрдам берамиз, дейишгач, Ватанимга қайтмоқчи бўлиб турган пайтим баландроқ бинонинг деразасини артаман, дея йиқилиб, жароҳат олдим. Ўша пайт ҳушимдан кетганимни биламан, холос, қолгани эсимда йўқ. Мураккаб операция ўтказишди россиялик шифокорлар. Жуда яхши парвариш қилишди. Шундан сўнг… ўз юртимга аравачада қайтиб келдим. Бир неча ойлардан кейин вилоятдаги шифохонада такрор операция ўтказилиши керак эди. Минг азобда ишлаб, болаларимга деб харид қилган ерни ушбу операция учун сотишимга тўғри келди. Ўзим қай аҳволда-ю, дўхтирларнинг қўшимча пул талаб қилишлари, кейинчалик эса умуман эътиборсиз муносабати, аравачага михланиб қолганим, фарзандларимнинг келажагини ўйлаб, янада тушкун аҳволда қолдим. Ота-онам ҳам қийинчилик билан кун кечиришарди.


2017 йилда юртимиздаги ўзгаришлар, имконияти чекланган инсонларга кўрсатилаётган кўмак ҳақида оммавий ахборот воситаларидан эшитиб турдим. Менга ҳам шундай ёрдам берилиши мумкинмикан, деган илинж билан Президентимизнинг виртуал қабулхонасига мурожаат қилдим. Шундан сўнг туман ҳокимлиги томонидан яшаш шароитим, аҳволим ўрганилди. Ўша йилнинг ўзида бошланғич тўлови тўланган уйга эга бўлдим. Ишонасизларми, уйнинг бирор бир ҳужжати учун ҳеч қайси ташкилотга қатнаганим йўқ. Ҳаммасини туман ҳокимлиги, маҳалла фаоллари бажаришди. Уйли бўлдим, деб қувончим ичимга сиғмаганди, аммо бу ҳали ҳаммаси эмас экан. Янги уйимизга кўчганимда барча жиҳозлар ҳам муҳайёлигини кўриб, тўғриси, йиғлаб юбордим. Ҳалиям тушимми-ўнгимми бу, дея ҳайрон қоламан. Бу яхшиликларни қандай қайтараман, дейман ҳар куни. Фарзандларимни жамиятга керакли, билимли, яхши мутахассис қилиб тарбияласам эди, дея орзу қиламан. Президентимизни, фидойи инсонларни ҳар куни дуо қиламан. 

Севара НУРМУРОДОВА,
Паст Дарғом тумани, Пўлатчи маҳалласи.

 

* 2017 йилда 142 нафар кам таъминланган, ўзгалар ёрдамига муҳтож фуқароларимизга янги қурилган уй-жойлар ипотека кредитлари асосида фойдаланишга топширилган бўлиб, ушбу уй-жойларнинг бошланғич бадал тўловлари ҳомийлик маблағлари ва бошқа манбалар ҳисобидан тўлаб берилди.
* Вилоятда 2018 йилда ҳам ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, уй-жойга муҳтож оилаларнинг 255 нафарини уй-жой билан таъминлаш режалаштирилди.