Ҳиндистонда уч карра мутацияланган коронавирус бутун дунёга таҳдид солмоқда

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Ҳиндистондан келиб чиққан коронавируснинг уч карра мутацияга учраган штамм хавфлилиги ошганини маълум қилди.

Мутахассислар бу глобал даражадаги ташвишга сабаб бўлганини тан олишди. Бу ҳақда ЖССТнинг янги касалликлар ва зооноз бўлими бошлиғи Мария Ван Керкхов CNBC каналига айтиб ўтди.

Ушбу "хавотирга соладиган вариант" мақомли янги статус шуни англатадики, Ҳиндистон штамми энг юқумли, хавфли ҳамда вакцина ёки даволаш усулларига чидамли деб тан олинди. ЖССТ вакилининг айтишича, мутацияга учраган инфекция SARP-CоV-2 нинг дастлабки штаммига қараганда анча тез тарқалмоқда.

Маълум бўлишича, 10 май куни Ҳиндистонда муқаддас саналган Ганг дарёсида коронавирусдан вафот этган деб тахмин қилинган ўнлаб одамларнинг жасади топилган.

Бир кун олдин эса Ҳиндистоннинг Гужарат штати шифокорлари моғор туфайли келиб чиққан касаллик - мукоромикоз (қора моғор) касаллигини қайд этгани маълум бўлди. «India Today» маълумотларига кўра, COVID-19 юқтирганлар ушбу касалликка кўпроқ мойил бўлади.