Ҳиндистонда вафот этган Ўзбекистонлик аёл бўйича расмий маълумот берилди
Ҳиндистоннинг Ҳаряна штати Сонипат шаҳридаги дам олиш масканларидан бирида ўзбекистонлик аёлнинг жасади топилгани ҳақидаги маълумот ўз тасдиғини топди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА.
Маълум қилинишича, бу ҳақда дастлабки хабарлар тарқалиши билан Ўзбекистоннинг Деҳлидаги элчихонаси Сонипат шаҳри полисияси билан алоқага чиқди ҳамда воқеани жойида ўрганиш мақсадида ушбу шаҳарга сафар уюштирилди.
Маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари билан амалга оширилган ҳаракатлар натижасида марҳума фарғоналик М.А. исмли 32 ёшли аёл экани аниқланди. Дастлабки маълумотларга кўра, ўзбекистонлик аёл ва иккинчи вафот этган шахс ис газидан заҳарлангани тахмин қилинмоқда. Ҳодиса сабабларига аниқлик киритиш бўйича тезкор суриштирув ва тиббий экспертиза ишлари давом эттирилмоқда.
Дипломатия миссияси мазкур ҳодиса бўйича тергов-суриштирув жараёнини назоратга олган. Марҳуманинг яқин қариндошлари бу ҳақда хабардор қилинган. Шунингдек, зарур бўлган барча консуллик-ҳуқуқий амалиётлар бажарилиб, марҳуманинг жасадини қисқа вақт ичида Ўзбекистонга жўнатиш чоралари кўрилмоқда.