"Ўзи эшигимизни тақиллатиб келди": Ҳоким ёрдамчисининг кўмаги билан Камола оёққа туряпти

Бундан ўн тўққиз йил аввал Нарпайнинг чекка Обиҳаёт маҳалласида яшовчи Санақуловлар оиласида биринчи фарзанд - қизалоқ дунёга келди. Чақалоқ ҳаракат таянч аъзоларида нуқсони билан туғилди.

Унинг соғлом камолга етишини истаб, Камола деб исм қўйишди. Ота-онаси унинг соғайиб кетиши учун даволатди. Аммо қизалоқнинг дардига даво топилмади – юра олмади. Камоланинг ортидан яна икки фарзандли бўлди. Улар соғлом дунёга келди.

- Борига шукур қилиб яшаб келяпмиз, - дейди Камоланинг онаси Зилола Нарзиева. – Шу қизимнинг ногиронлиги сабабли узоққа чиқиб, ишлолмасдим. Аммо рўзғор тебратишда турмуш ўртоғимга ёрдам беришни чин дилдан истардим. Ўтган йили маҳалла фаоллари ҳолимиздан хабар олиш учун келганида томорқада ишлаётганимни кўриб, субсидия асосида иссиқхона қуриб берилиши мумкинлигини айтишди. Бу таклифни жон деб қабул қилдим. Шу йилнинг январь ойида қишлоқдош укамиз Аббосжон эшигимизни тақиллатиб келди. У маҳалламизда ҳоким ёрдамчиси сифатида иш бошлаганини, нима муаммомиз бўлса қўлидан келганча ёрдам бериши мумкинлигини айтди. Мен эса ҳеч қандай муаммомиз йўқ, дедим. Ногирон қизим Камола билан ҳам узоқ суҳбатлашди. Унинг орзулари ҳақида сўради ва унга тез кунда оёққа туриши, қўллари ҳам ҳаракатга келишини айтди. Қизим бундан жуда хурсанд бўлди.

Дарҳақиқат, жорий йил бошида маҳаллада ҳоким ёрдамчиси вазифасида иш бошлаган Аббосжон Муродов дастлаб хонадонма-хонадон юриб, муаммоларни ўрганди ва уларга ечим топишга киришди. Жумладан, Камолага ҳам ёрдам беришни чин дилдан истади. Сўраб-суриштириб, пойтахтдан айнан шу қизда мавжуд касалликларни даволовчи шифокорлар билан телефон орқали боғланди. Улар беморни тиббий кўрикдан ўтказиб, хулоса бериши мумкинлигини айтгач, Камолани онасига қўшиб Тошкентга юборди.

- Жуда хижолат бўлдим, - дейди Камоланинг онаси. – Тошкентга бориб-келиш харажатларимиз ҳоким ёрдамчисининг биринчи ойлигидан қопланди. Пойтахтга бориб, Аббосжон гаплашган шифокорга учрадик. У ҳам қизининг оёққа туриб кетиши мумкинлигини, бунинг учун операция қилиш кераклигини, қолган гапларни ҳоким ёрдамчиси билан маслаҳатлашишини  айтди.

Энди операция учун кўп миқдорда пул керак. Бу масала қандай ечим топади, ҳали номаълум эди.

- Қизим билан қишлоққа қайтдик, - дейди она кўзига ёш олиб. - Ногиронлик аравачасида ўтирган фарзандимнинг шу пайтгача қўллари тўлиқ ҳаракатланмасди. Фақатгина бармоқларидагина жон бор эди, холос. Тошкентдан қайтганимизнинг эртаси куни мўъжиза юз берди. Қизим аравачасининг ғилдиракларини ўз қўллари билан юргиза бошлади.

Ҳали ҳеч қандай муолажа қилинмасдан, икки оғиз ширин сўзга Камоланинг қўллари ҳаракатга келди.

- Аббос ака бизникига келиб, мени тузалиб кетишим мумкинлигини айтганда оёқ-қўлларимга куч киргандай бўлганди, - дейди Камола. – Аммо ишонмай тургандим. Тошкентга бориб, шифокорлардан операциядан кейин юриб кетишим мумкинлигини эшитиб, хурсанд бўлдим. Бир куни ташқарида аравачада ўтириб, ғилдиракларни ҳаракатлантириб кўрдим. Уддалагандай бўлдим. Шу пайтгача қўлларимни кўтаролмасдим, ҳовли супураётган онамга қараб икки қўлимни кўтариб, бу ёққа келинг дегандай ишора қилдим. У югуриб келди. Ундан пул сўрадим, фақат ҳеч кимнинг ёрдамисиз, дўконга бориб, у-бу нарса олиб келишимни айтдим.

Бу гапни эшитган ҳоким ёрдамчиси жуда катта хайрли ишга қўл урганлигини ҳис қилди ва тошкентлик шифокор айтган пулни топиш йўлларини қидирди. У Камоланинг оиласини “Темир дафтар”га киритди. Туман ҳокимига бўлган воқеани гапириб берди ва “Саховат ва кўмак жамғармаси” маблағидан шу қизнинг даволанишига маблағ ажратилиши зарурлигини билдирди. Унинг ташаббуси қўллаб-қувватланди. Муваффақиятли ўтган жарроҳлик амалиёти ва керакли муолажалардан сўнг икки букилиб, бир-бирига ёпишиб турган оёқлар ҳам жонлана бошлади. Камола ҳозирда нимагадир суяниб бўлса-да ўз оёқларида тура оляпти.

- Энди бутунлай тузалиб кетишимга ишоняпман, - дейди у қатъиятлик билан. - Соғайиб кетсам, тадбиркорлик билан шуғулланаман. Ота-онамнинг 20 йил мен сабаб бошидан кечирган қийинчиликларини унуттиришга ҳаракат қиламан. Автомашина сотиб олиб, уларни саёҳатларга олиб бораман. Кўчамизни асфальт қилдираман. Ўзим каби аравачада юрганларга далда бўлиб, уларнинг соғайиб кетишларига кўмаклашаман.

Ҳоким ёрдамчиси хонадонга кириб бориб, ҳол сўрамаганида бу хайрли ишлар бошланармиди?! Сабаби Камоланинг онаси шу пайтгача бировдан ёрдам сўраб бормаган.

- Ёлғон бўлмасин, яқинда бир марта сайёр қабулга бордим, - дейди у кулиб. - Раҳбарлар мендан қандай муаммоларим борлигин сўради. Мен эса ҳеч қачон сайёр қабулларга муаммо билан келмаслигимни айтдим. Шу куни раҳбарларга, улар орқали мамлакатимиз Президентига миннатдорлик билдириш истагида келганимни айтдим. Сайёр қабулда оилада, ҳеч бўлмаса маҳаллада ҳал этилиши мумкин бўлган арзимас муаммолари билан келган боқимандалик кайфиятидаги одамларни кўрдим. Раҳбарларга раҳмат айтиб, қизимнинг тўлиқ соғайиб кетиши учун дуо қилиб туришларини сўрадим, холос.

Биз ҳам Камоланинг оёққа туриб кетишига, кўзлаган мақсадларига етишишига ишонамиз. Нарпай тумани Обиҳаёт маҳалласида ҳоким ёрдамчиси вазифасида фаолият олиб бораётган Аббос Муродов каби фидойилар сафи кенгайишини истаймиз.

Тўлқин Сиддиқов,

Ҳусан Элтоев.