Ҳокимлик фаолиятида ҳуқуқий камчиликлар қаердан пайдо бўлади?
Самарқанд вилоят иқтисодий суди мажлислар залида туман, шаҳар ҳокимликлари томонидан судларга киритилган ва киритилаётган даъво аризалари, уларни кўриб чиқиш тартиб-тамойилларига оид семинар бўлиб ўтди.
Самарқанд вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан ўтказилган семинарда шаҳар, туман ҳокимларининг тегишли ўринбосарлари, бош юристконсультлари ва бошқа масъуллар иштирок этди.
Вилоят иқтисодий суди раиси М.Бозоров бугунги кунда хусусий мулк ва ижара шартномаси, доимий ё вақтинча, фойдаланиш учун берилган ер майдонларини ҳокимлик захирасига олиш бўйича даъво аризаларини судга киритиш, бундай низоларни кўриб чиқишда учраётган камчиликлар хусусида сўз юритди.
Шунингдек, вилоят маъмурий суди раиси Б.Диёров маъмурий тартибда кўриладиган ишларга тўхталди.
- Бугун барча жабҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда, - дейди вилоят ҳокимлиги бош юристконсульти Б.Қаршиев. – Табиийки, бу жараёнда турли низоли масалалар, суд тартибида кўриладиган ҳолатлар вужудга келади. Бунда агар ҳокимликнинг ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги хато бўлса, муайян шахс, бирор мутасадди эмас бутун бошқарув тизимидан норозиликка сабаб бўлади. Шу боис, бугунги семинарда аҳолининг, айниқса, тадбиркорлар, фермерларнинг қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва манфаатларини бузмасдан давлат ва жамият манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш борасида маълумот алмашилди.
Семинарда ер ижара шартномаларини бекор қилиш, фойдаланилмаётган ерларни туман ҳокимликлари захирасига қайтариш, ноқонуний қурилган биноларни буздириш, шартномаларни муддатидан олдин бекор қилиш борасидаги ишлар муҳокама қилиниб, ушбу йўналишда учраётган айрим камчиликлар қайд этилди.
Иш юритишни қонуний, сифатли амалга ошириш бўйича ўзаро тажриба алмашинди.
Ўз мухбиримиз.