"Ҳуқуқий маҳалла"да ҳуқуқий муаммолар қолмайди
Эндиликда адлия идоралари томонидан “Ҳуқуқий маҳалла” лойиҳаси доирасида ҳар ойда биттадан маҳалла танлаб олиниб, фуқароларнинг кундалик ҳаётида учрайдиган ҳуқуқий муаммолари таҳлил қилинади, аниқланган камчиликларни бартараф этишда кўмаклашилади.
Пайариқ туманидаги Баҳор маҳалласи январь ойида “Ҳуқуқий маҳалла” сифатида танлаб олиниб, ҳудудда уйма-уй юриш орқали аҳоли билан мулоқот қилинди ва аҳолининг ҳуқуқий муаммолари ўрганилди. Яқинда шу мақсадда маҳаллада туман адлия бўлими, Давлат хизматлари маркази, ФҲДЁ бўлими, юридик хизмат кўрсатиш маркази ходимлари томонидан сайёр қабул ташкил этилди. Унда фуқароларнинг 20 дан ортиқ мурожаатлари тингланди. 3 нафар фуқаронинг мурожаати ижобий ҳал этилди. 48 нафар фуқарога жойида ҳуқуқий тушунтириш берилди, 12 нафарига сайёр давлат хизматлари кўрсатилди.
“Ҳуқуқий маҳалла” сифатида танлаб олинган мазкур манзилда 515 та хонадон мавжуд. Маҳалла аҳолисининг бугунгача 1120 та ҳуқуқий муаммоси туман адлия бўлими томонидан ўрганиб чиқилган. Уларнинг 499 таси уй-жой, 106 таси иш ҳақи ва меҳнат муносабатлари, 100 дан ортиғи туғилиш, ўлим, никоҳ, ажрим масалалари, 110 таси давлат, нотариус хизматлари ва бошқа масалалар билан боғлиқ. Ушбу муаммоларнинг қарийб 70 фоизи ҳал этилган. Бундан ташқари, уйма-уй ўрганишлар давомида 403 та сайёр давлат хизмати, жумладан, нотариал, ФҲДЁ хизматлар жойига чиқиб кўрсатилди.
Мансур Ҳасанов.