Ибратли ҳикоя: Онам кетди, ризқи ҳам...

Бир фақир киши бир бойнинг қўлида хизматкор бўлиб ишлаб, онаси, аёли ва зурриётини боқар эди. У ишини комил суръатда адо қиларди.

Кунларнинг бирида у ишга келмади. Шунда хўжайини ўзига ўзи: 

"У ишга келмай қўймаслиги учун унинг маошини бир динорга зиёда қилишим керак. Аминманки, у маошини кўтарилишини таъма қилиб, ишга келмади. Чунки мени унга муҳтож эканимни билади-да", деди. 

Иккинчи кун бўлгач, хўжайин унга маошини бераётиб, бир динор зиёда қилди. Хизматкор ҳеч нарса демади ва хўжайиндан сабабини ҳам сўрамади.

Бир қанча муддатдан кейин хизматкор яна келмади. Хўжайин жуда қаттиқ ғазабланиб: 

"Ўша зиёда қилган бир динорни камайтираман", деди.

Камайтирди ҳам, хизматкор ҳеч нарса демади ва маошининг камайгани сабабини ҳам сўрамади. Хўжайин ходимни олдинги ишини такрорлагани (маоши кўпайса ҳам, камайса ҳам индамагани)дан ажабланиб, сўради: 

- Маошингни зиёда қилдим сабабини сўрамадинг, камайтирдим, ҳеч нарса демадинг? 

Хизматкор: 

- Биринчи марта келмаганимда Аллоҳ менга бир чақалоқ туҳфа этганди, ўшанда маошимни кўпайтириб, мукофатлагандингиз. Айтдимки: "Бу чақалоғимнинг ризқи, ўзи билан келди”. Иккинчи марта келмаганимда эса онам вафот этгандилар, маошимни камайтирганингизда дедимки: "Бу онамнинг ризқи, онам кетди, ризқи ҳам”.