Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ибратли воқеа: Ота дуоси

Уйда ота-бола суҳбатлашиб ўтирар эди, тўсатдан кимдир эшикни зарда билан тақиллатибди. Ўғил эшикни очибди. Ғазабнок бир киши турган экан. У ичкарига кириб на салом-на алик, чолга қараб бақира кетибди:

- Қарзингизни қайтаринг. Узоқ кутдим. Сабр косам тўлди. Пулларимни беринг! - дебди.

Отасининг бундай ноқулай аҳволга тушиб қолганидан ўғил хафа бўлибди, кўзларидан ёшлари қуйилибди. Сўнг келган кишидан:

- Отамнинг сиздан қанча қарзлари бор? - дея сўрабди.

- Тўқсон минг риёлдан ошиқ.

- Отамни ўз ҳолига қўйинг, пулингизни мен бераман. - дебди-да хонасига кириб кетибди.

Ойликларидан тежаб йиғаётган йигирма етти минг риёли бор эди. У бу пулларни, ўзи сабрсизлик билан кутаётган тўйига йиғаётган экан. Лекин отасининг ғамини аритишни устун деб билибди.

Пулларни олиб чиқибди ва:

- Мана пул, олинг. Худо хоҳласа қолганини ҳам тез орада тўлаймиз, - дебди.

Бечора ота йиғлаб юборибди ва қарзини сўраб келган кишидан пулларни ўғлига қайтаришини сўрабди. Бу пуллар ўғлига жуда зарурлигини, унинг ҳеч қандай айби йўқлигини айтиб, ёлворибди.

Пулни олган киши чолнинг гапларига эътибор қилмай хонадан тезда чиқиб кетибди. Ўғил унинг ортидан чиқиб, отасига бошқа қарз масаласида мурожаат қилмаслигини, ўзига айтишини илтимос қилибди.

Сўнг отасининг ёнига келиб, унинг пешонасидан ўпиб:

- Отажон, бу пуллар сиздан азиз эмас! Қолган ишлар вақт-соати билан бўлади, - дебди.

Қари ота ўғлини қучоқлаб, ўпиб қўйибди:

- Аллоҳ сендан рози бўлсин, ўғлим! Ишларингни ўнгласин! Хатоларингни кечирсин!

...Эртаси куни йигит терга ботиб ишлар экан, анчадан бери кўришмаган дўстлари ёнига келибди. Салом аликдан сўнг уларнинг бири:

- Дўстим, кеча бир бой-бадавлат, катта тадбиркорлардан бўлган танишим билан суҳбатлашган эдим. У мендан ишончли, омонатдор, хулқ-атвори гўзал, холис ва ишини уддасидан чиқадиган қатъиятли ёш йигит топиб беришимни сўради. Мен сендан бошқа бундай сифатларга эга инсонни танимайман. Нима дейсан, шу ишга киришасанми? Кел, ишингни тезроқ тугат, кечки томон ўша тадбиркор билан учрашамиз.

Йигитнинг кўзлари қувончдан порлаб кетибди:

- Бу отамнинг дуоси! Аллоҳга ҳамд бўлсин, ижобат қилди, - дебди.

Кечқурун катта тадбиркор билан учрашув бўлибди. Йигит маъқул келибди. Ундан қанча ойлик олишини сўрабди.

- Ойлигим 4970 риёл, – дебди йигит.

Тадбиркор:

- Эртага эрталаб бориб, ишдан бўшаб кел. Бугундан эътиборан ойлигинг 15 минг риёл. Қўшимчасига даромаднинг 10 фоизи сеники бўлади. Шинам уй-жой, замонавий машина ва олти ойлик маошингни сенга инъом қиламан. Уст-бошингни яхшилаб оласан.

Йигит қулоқларига ишонмабди. Ўзини тутиб туролмай йиғлаб юборибди. Тадбиркор ундан йиғлашининг сабабини сўрабди. Йигит икки кун аввал бўлиб ўтган воқеани сўзлаб берибди. Йигитнинг гапларини эшитган тадбиркор қарзларини ҳам қоплаб берибди.

Ота-онага яхшилик қилишнинг, уларга мурувват кўрсатишнинг самараси мана шундай бўлади!

Умму Амина.