Ибратли воқеа: Рамазон ажойиботлари
"Икки йилдан бери рўза тута олмайман, узрли сабабим бор, - дейди суҳбатдошим. - Фитр садақаларим, фидяларимни ҳисобладим, пулни тайёрлаб бўлганимдан кейин эҳтиёжмандроқ акамга бермоқчи бўлдим, аммо машинаси борлиги учун ундан кўра муҳтожроқ одамга бергим келди.
Ўша куни эҳсонимни ўз эгасига жуда-жуда топширгим келганди. Кечроқ бир танишим қўнғироқ қилди. Саломлашгандан кейин "Агар рухсат берсангиз қадр кечасини кутгани сизникига борсам" деб қолди.
Бу одам мендан ўттиз чақиримча узоқликда яшайди. Ёшликдаги курсдошим. Ночорроқ оила, ҳам унинг устига ногирон. "Келаверинг, бирга ибодатда ўтказамиз кечани" дедим хурсанд бўлиб. Кутиб олдим, ифторлик, саҳарликни биргаликда қилдик. Кузатар чоғимда кечаги пулимни олиб чиқиб "Ака, шуни кеча мен бир кишига олиб бориб бермоқчи эдим, бора олмадим, сизга берсам, қабул қилсангиз, сизнинг ризқингиз экан" дедим.
Меҳмоним қўлимдан олаëтиб "Бераверинг, ўзи сиздан ёрдам сўрамоқчи эдим", деди. Ризқнинг эгаси қанча масофани босиб ўзи эшигимга келганди...
***
...Беришимиз лозим бўлган фидя ва фитр садақаларни ҳисобладим, салкам саккиз юз минг сўм бўлди. Буни бергани эса қўлимда пул йўқ эди. "Шуни адо қилиб қўйсам хотиржам бўлардим-у, нима қилсам экан", деб тургандим эшик тақиллаб қолди. Очдим, анча олдин кўришган бир танишим. Қўл бериб сўрашганимизда кафтларим орасида пул турганини сездим.
"Бу нима?" дедим. "Эсингиздами, ўн тўрт йил аввал сиздан ер сотиб олганимда 100 доллар қарз бўлиб қолгандим. Негадир имкониятим йўқолиб сизга шуни ҳеч беролмадим, бугун қўлимга тушди, қарзимни узгани келдим" деди.
Мени бироз олдин ўйлантириб турган муаммоимни Роббим ҳал қилганди. Ўзим кулсам ҳам қалбим йиғларди...
***
...Маҳалла дўконидан бир қўшни аёл 28 минг сўмлик нарса харид қилмоқчи бўлибди. Дўкондор бугун терминали ишламаётганини, пластик карточкага савдо қилолмаслигини айтибди. Олган нарсаларини пештахтага қўйиб, дўкондан чиқибди. Йўлидаги таниш бошқа дўкондаги кишининг олдига қарз сўрамоқчи бўлиб кирибди. У ерга кириши билан дўкондор "Мен ўзи эндигина сизникига бормоқчи бўлиб тургандим, келганингиз яхши бўлди, буни сизга ажратиб қўйгандим", деб пул берибди. Сўрашга ҳожат қолмай дўкондан чиқиб пулни санаб кўрса, ажабки, 28 минг сўм экан...
Буни эшитиб "ризқларни қай йўсинда бўлса-да, ўз эгасини топиб етказгувчи Зот"га ҳамд айтиб, кўзимдан ёш чиқди...
Салим АЙЮБИЙ.