Ибратли воқеа: Шукур ва сабр мукофоти

Манбалар далолат этишича, Саодат асрида Мадинада Ҳифа хотун исмли оқила ва зебо аёл яшаган ва дину диёнати, ақлу фаросати билан шаҳар аҳлининг эътиборига тушган экан. Аёллар уни кўп маънида тимсол билар экан. Ўғли, ака-укаси, қариндош-уруғлари хулқу одобидан мамнун бўлиб, бошларига кўтаришар экан.

Ҳифа хотуннинг донғи узоқ-узоқларгача кетган, бевалиги сабабидан жуфтликка талабгорлари беҳисоб экан. Не бир ҳокимлар, тужжорлар, вазирлар, султонлар улар жумласидан экан. Ҳатто Нажжоший ҳам умидвор эса-да, барчасига рад жавобини берган экан. Мақсуди фақат ва фақат Аллоҳнинг ризосини топиш экан...

У кунлардан бир куни Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурига чиқиб:

- Эй Аллоҳнинг Расули, мени жаннатга киритадиган бир нарса ўргатинг, - дея илтижо қилибди.

 Кўнглида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан “Кундузлари рўза тут, кечалари ибодат қил”, деган насиҳатларини кутган экан. Аммо Сарвари коинотимиз:

- Аввало никоҳлан. Бу ишинг билан динингнинг ярмини амниятга олган бўласан, - дебдилар.

Ҳифа Пайғамбар алайҳиссаломнинг амр - тавсиясига жону дили билан бўйин эгибди ва:

- Сиз кимни муносиб кўрсангиз, розиман, - дебди.

Аёнки, у оддий аёллардан эмас эди, никоҳига олажак эр ҳам хос ва мос бўлмоғи даркор эди. Шу сабабдан Пайғамбар алайҳиссалом одатларича бу ишни Аллоҳ ризолигига ҳавола этибдилар ва:

- Эртага тонгда масжидга биринчи бўлиб кириб келган кишини тавсия этаман, - дебдилар.

Таклиф барчага маъқул бўлибди. Талабгорлар эрта туриш чорасини режалаб, тадбирга киришибди.

Бу хабарни ҳазрати Суҳайб эшитса-да, никоҳланишни ҳатто хаёлига ҳам келтирмайди. Чунки у фақир ва кимсасиз бир киши эди. Уйи-жойи йўқ, қорни тўйганда тўйиб, тўймаганда оч эди. Бўйи баланд ва шу қадар озғин эдики, қаттиқроқ шамол эсса, оёқлари ердан узулгидек бўларди.

Яратганнинг марҳамати кенг. Тақдирда бори насиб этади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар вақтдагидек, тонг ёришмасдан масжидга келиб, катта қизиқиш билан толеи баланд умматини кута бошлайдилар. Аммо, ўша кеча талабгор харидорларнинг барчаси қаттиқ уйқуга дучор бўлиб, қотиб ухлаб қолишган эди. Ниҳоят масжид эшигидан осойиштагина шарпа кўринади ва лаҳза ўтар-ўтмас Суҳайб розияллоҳу анҳу ичкарига кириб келади.

Алалхусус, Пайғамбар алайҳиссалом намоздан сўнг Ҳифа хотунни чақириб унга шарт натижасини маълум қиладилар. Ҳифа хотун катта мамнуният ила розилигини билдиради.

Жаноби Расулуллоҳ гўзал хутба ўқиб, никоҳ ақидаларини қиладилар. Сўнгра омадли саҳобага юзланадилар:

- Эй Суҳайб, аёлингга бир ҳадя совға қил, кейин қўлларидан тутиб уйингга олиб кет, - дейдилар.

Суҳайб бу гапларни эшитиб, ғамгин қиёфада:

- Хўп бўлади, аммо менинг на бир дирҳам кумушим ва на борадиган уйим бор, - дейди.

 Ҳифа хотун ҳушёр ва оқила эди. Унга ўзгаларга сездирмасдан ичида ўн минг дирҳам кумуши бор чиройли ҳамён узатади ва:

- Фалон ердаги ҳовли-жойимни сизга ҳадя қилдим, - дейди.

Оламлар сарвари бундан жуда ҳам хурсанд бўлдилар ва уларнинг ҳаққига хайрли дуолар қилдилар.

Суҳайб ўша куни Мадина кўчаларида айланиб юриб кунни кеч қилди ва кеч тушганда янги уйига уялиб, тортиниб кириб келди. Ўзи учун тайёрланган тўкин дастурхондан тортина-тортина битта ёки иккита хурмо олиб оғзига солади. Сўнгра:

- Эй Ҳифа, биламан, сен мен учун қўл етмас бир неъматсан. Мен эса сен учун фақат бир меҳнатман. Аллоҳдан мен шукр, сен сабр сўраб, шу кечани тоат-ибодат билан ўтказсак. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаннатда баланд бир бўстон бор, у ерда шукр этганлар ўтиради”, дедилар, - дейди ва улар кечани айтилганидек ибодат билан ўтказадилар.

Саждагоҳларини кўз ёшлари ҳўл қилди, қалбларини зикруллоҳ нурга тўлдирди. Жаброил алайҳиссалом бўлган воқеаларни Пайғамбар алайҳиссаломга сўзлаб берадилар ва уларни Аллоҳ таоло жаннати ва жамолига етиштиришининг хабарини етказди. Эртаси тонгда, намоздан кейин Пайғамбар алайҳиссалом Суҳайбнинг ёнига ўтирдилар ва унга:

- Эй Суҳайб, кечаги ҳолингни сен гапириб берасанми, мен гапириб берайинми? - дейдилар.

Суҳайб кўзлари билан ерга қараб, андиша ичида заиф овозда:

- Аллоҳ ва Унинг Расули билгувчидир, - дейди.

Пайғамбаримиз:

- Нақадар бахтлисизки, иккингиз ҳам жаннати бўлдингиз ва Аллоҳ таолонинг жамолини кўражаксиз! - дейлар.

 Бу хабарни эшитган Суҳайб дарҳол бошини саждага қўйиб:

- Ё Раббим! Мени мағфират этдинг, энди гуноҳ ишлар қилиб қўймасимдан жонимни ол! - дея ниёзда бўлибди.

Аллоҳ таоло бу оташин дуони қабул этиб, Суҳайб саждада турган ҳолида жон берибди. Масжидда ўтирганлар йиғламоқни бошлабдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

- Сизларга янада ҳайратланарли хабарни айтайми? Шу онда Ҳифа хотун ҳам руҳини Ҳаққа топширди, - дебдилар.

Намозлари, юзларини ювган кўзёшларининг ҳурматидан уларнинг мақоми баланд бўлибди. Саҳобалар иззатлаб иккисини ёнма-ён дафн қилибдилар. Бош тарафларига бир кичик тахта қўйиб, тахтачанинг бир тарафига “Шукр қилувчи Суҳайб”, иккинчи тарафига эса“Сабр қилувчи Ҳифа” деб ёзиб қўйибдилар...

 Суюндик Мустафо НУРОТОИЙ.