Ичимликни суиистеъмол қилиш мумкинми?
Телефонимга Соғлиқни сақлаш вазирлиги номидан худди шу тарздаги SMS хабар келди. Қизиқ, мансабни, ўз вазифасини суиистеъмол қилиш мумкин. Аммо спиртли ичимликни суиистеъмол қилиш мумкинми? Тўғриси, ўзимга ҳам ишонмай, "Ўзбек тилининг изоҳли луғати"га қарадим.
"Суиистеъмол – ноўрин, нотўғри ишлатиш, ўз манфаати учун фойдаланиш. Бирор нарсадан, масалан, амал, бойликдан ўз манфаати учун йўл қўйилганидан ортиқча фойдаланиш".
Тушунишимча, ушбу хабарлар аҳолини соғлом турмуш тарзига амал қилишга ундаш мақсадида юборилмоқда. Бундай хизмат эътирофга муносиб, албатта. Аммо неча миллион кишига жўнатилаётган қисқа хабарда ҳар бир сўз ўрнида ишлатилиши керак-да.
Ушбу хабарнинг рус тилидаги матни лотин алифбосида бир қатор хатолар билан берилиши ҳам тушунарсиз: "Zloupotreblenie spirtnymi napitkami privodyat k narusheniyam funkciy pecheni". Русча хабарни кирилл ёзувида эмас, бошқа алифбода талқин этиш имло қоидаларига зид-ку...
Гулнора ХОЛДОРОВА.