Ички ишлар идораларига қандай тартибда ишга кирилади?

Ички ишлар тизими қатъият ва талабчанлик сув билан ҳаводек зарур бўлган соҳалардан бири. Шу боис мазкур тизимда фаолият олиб бориш ходимдан катта масъулият талаб қилади.

Вилоят ИИБ кадрлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари, подполковник Жонибек Давронов билан соҳага кадрлар танлаш мезонлари ва номзодларга қўйиладиган талаблар ҳақида суҳбатлашдик.

– Кейинги йилларда тизимда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди, – дейди Ж.Давронов. – Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 23 августда қабул қилинган “Ички ишлар органлари бошқарув, назорат ва шахсий таркиб билан ишлашнинг самарали тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида соҳа ходимларининг вазифа ва функциялари аниқ белгилаб берилди.

– Олий таълим муассасасини тугатган ёки ҳарбий хизматни ўтаб қайтган йигитларнинг аксарияти шу соҳада ишлаш истагида бўлади. Айтингчи, тизимга ишга кириш учун фуқаролар неча ёшда бўлиши керак?

– Ички ишлар органларига кадрлар танлов асосида қабул қилинади. Бу ихтиёрий тартибда амалга оширилади. Амалдаги тартибга кўра, ички ишлар идораларига шахсий ва ишчанлик сифатлари, соғлиғининг ҳолати ва жисмоний тайёргарлиги бўйича ходимнинг хизмат мажбуриятларини бажаришга қодир бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари қабул қилинади.

Ёш чегарасига келсак, ўн саккиздан кичик ва ўттиз ёшдан катта бўлмаган фуқаролар, шу жумладан, ўттиз ёшдаги фуқаролар ҳам танловда қатнашиш ҳуқуқига эга. Янаям аниқроқ айтадиган бўлсак, ўттиз ёшга тўлганига 11 ой бўлган фуқаро ички ишлар органларида ишлаш учун мурожаат қилса ва белгиланган мезонларга мос келса, унинг аризаси қаноатлантирилади.

Бундан ташқари, ички ишлар идораларига бўйи 165 сантиметрдан паст бўлмаган эркаклар ва 160 сантиметрдан паст бўлмаган аёллар қабул қилинади.

– Кўпчиликда ички ишлар идораларига ишга кириш ҳар доим мураккаб бўлган, деган эътирозлар учрайди. Ишга киришга даъвогар кўп ҳужжат  тайёрлаб топшириши керак, дейишади. Бу қанчалик асосли?

– Танловларни ташкил этиш ва ўтказиш, шунингдек, номзодларнинг шахсий ҳужжатлари йиғма жилдларини расмийлаштириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири томонидан белгиланади.

Шу ўринда бир жиҳатни алоҳида таъкилаш лозим. Илгари айрим ҳолларда ҳужжатлар йиғиб бўлингандан сўнг ишга қабул қилиш ёки рад этиш олти ойгача чўзилган вақтлари ҳам кузатилган. Президентимизнинг “Ички ишлар органлари бошқарув, назорат ва шахсий таркиб билан ишлашнинг самарали тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бундай тушунмовчиликларга барҳам берди. Қарор билан аризаларни қабул қилиш жараёни, шифокор кўригидан ўтиш вақтлари белгилаб берилган. Шунингдек, ариза берган фуқарога 40 кун ичида ишга қабул қилингани ёки рад этилгани тўғрисида жавоб берилиши ҳам кўрсатилган.

– Бугунги кунда ички ишлар органларига ишга кириш учун номзоддан қандай ҳужжатлар талаб қилинади?

– Ишга кириш истагини билдирган фуқаролар доимий яшаш жойи бўйича ички ишлар органларига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади: паспорт нусхаси (аслини кўрсатган ҳолда), туғилганлик ҳақида гувоҳнома нусхаси, ФҲДЁ органларидан маълумотнома, ариза, яқин қариндошларининг паспорт нусхалари, никоҳ қайд этилганлиги ёки бекор қилинганлиги, қариндошларининг ўлими ҳақидаги гувоҳномалари нусхалари тақдим қилинади.

Бундан ташқари, номзоднинг фотосурати, таржимаи ҳоли, ўқиш, иш ва яшаш жойидан тавсифнома ҳамда маълумотнома, ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ёки олий маълумотни тасдиқловчи ҳужжатларидан нусхалар ва албатта, ҳарбий гувоҳнома талаб қилинади.

– Барча ҳужжатлар тақдим қилингач, номзод қандай синовлардан ўтади?

– Номзод биринчи навбатда, суҳбат, психологик тест ва умумжисмоний тайёргарлик бўйича синаб кўрилади. Синовлар тегишли мутахассислар томонидан ўтказилади.

Танлов суҳбат, психологик тест ва умумжисмоний тайёргарлик даражасини баҳолашнинг умумлаштирилган натижаларига кўра якунланади.

- Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.

Баҳриддин ХОНКЕЛДИЕВ суҳбатлашди.