Ифторлик дастурхони ўрнида саховат “тугунча”си

  Яқин йилларгача кўп жойларда рўза ойида ифторлик қилиш учун одамлар навбат кутарди. Рамазон бошланишидан олдин рўзанинг дастлабки кунларида ким ифторлик қилиши маълум бўларди. Одамлар масжид ёки маҳаллага бориб, навбатга ёздириб келишарди. Кейин оқсоқоллар, катта ёшли кишилар, қариндош-уруғни уйларига таклиф қилиб, ифторлик дастурхони ёзишарди. Баъзида бундай маросимлар катта-катта ресторан-у тўйхоналарга кўчганига ҳам гувоҳ бўлганмиз. Кўпчилигимиз буни савобли амал, маҳалладошлар ўртасидаги меҳр-оқибатни кучайтиради, деб ҳисоблаганмиз.

  Аммо шуниси ҳам бор эдики, ўтган йилги рамазондан бу йилги рамазонгача бўлган вақт мобайнида қайси хонадонда кимдир вафот этган бўлса, ўша оила аъзолари марҳумнинг хотираси учун ёки бу амалдан савоб умидида ифторлик қилишига тўғри келарди.

  Албатта, ҳар ким имкониятига қараб одам чақирарди. Лекин жуда камчиқим қилиб ўтказилган ифторликда ҳам камида 50-60 киши жам бўларди. Ифтор учун қандай дастурхон тузалиши эса барчамизга яхши маълум. Гарчи бунга эҳтиёж бўлмаса-да, рўза тутган киши аввалгидан камроқ таом еса-да дастурхонга энг сара, тансиқ, неъматлар қўйилади, бир неча хил иссиқ овқат тортилади. Натижада хонадон эгаси ифторлик учун каттагина харажат қилишига тўғри келади.

  Энди ўйлаб кўринг, азиз бир кишисидан айрилиб, бошига мусибат тушган, азадор оила учун бундай маросимни ўтказиш қанчалик жоиз? Бундай ифторликларга асосан кексалар, рўза тутган кишилар таклиф этилишини инобатга олсак, ҳар куни бу каби тўкин дастурхондан овқатланиш уларнинг саломатлиги учун зиён эмасми?

  Яхшики, кейинги пайтда бундай ифторликлар камайди. Савоб умидида ўтказиладиган тадбирни хонадонда, ифторликка муҳтож кишиларни таклиф қилиб, камтарона дастурхон ёзиб ўтказиш тарғиб қилинди. Одамлар шунга мослашди.

  Бу йил эса коронавирус пандемияси туфайли эълон қилинган карантин сабабли ҳар бир инсон Рамазон ойи билан боғлиқ маросимлар, ибодат амалларини ўз хонадонида ўтказмоқда. Одамлар оила даврасида саҳарлик, ифторлик қилиш ва бошқа фарз амалларни бажаришнинг завқи ва гаштини туйиб, бунга ҳам ўрганиб қолишди.

  Кеча қишлоққа борганимда маҳалламиз раиси бу йил ҳеч бир хонадан – азадор ҳам, ўзига тўқ оила ҳам ифторлик ўтказмаётганини айтди. Ифторлик ўтказишни ният қилган кишилар эса савоб умидида, асосийси, силаи раҳмни унутмаган ҳолда қўни-қўшни, кам таъминланган оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатаётган экан.

  Ҳа, бугун кишилар ўртасидаги меҳр-оқибат, бағрикенглик фазилатлари яна ҳам яққол намоён бўлмоқда. Буни пандемия шароитида саховатли юртдошларимиз, тадбиркорларнинг эҳтиёжманд оилалар, ногирон ва беморлар, кексаларга кўрсатаётган меҳр-мурувватида, ғамхўрлигида кўряпмиз. Ўтган ҳафта Бухорда, сўнгра Сирдарё вилоятида рўй берган табиий офат, бахтсиз ҳодисалар эса бутун мамлакатимизни, халқимизни янада жипслаштирди, рўй берган офатларни биргаликда енгиш учун қудратли кучга айлантирди. Бу кучнинг қудрати Рамазон ойидаги савобли амаллар билан янада ошаётган бўлса, не ажаб.

  Ғолиб ҲАСАНОВ. Ифторлик дастурхони ўрнида саховат “тугунча”си

  Ғолиб ҲАСАНОВ.