Ифторликни ўлик кўмганлар қиладими?
Рамазон - Раҳмат ойи, Мағфират ойи. Бу ойдаги эзгу амалларга бошқа ойларга нисбатан бир неча баробар кўп савоб берилишини айтишади. Шу сабабли уламоларимиз кишиларни Рамазонда кўпроқ савоб ишларни бажаришга даъват этадилар.
Бу ойда ифторлик қилиб, рўзадорларни таомлантириш ҳам савобли амал ҳисобланади. Пайғамбаримиз (С.А.В.)дан ҳадис бор, яъни ҳатто ифторлик қилиб бошқаларни таомлантиришга қодир бўлмаган киши, бошқаларнинг оғиз очишлари учун бир дона хурмо берса ҳам ифторлик қилиб берган ва кўпчиликни таомлантирган савобини олар экан.
Гап ифторликдан кетганда киши кўнглини хижил қиладиган бир ҳолат борки, бу марҳумлар ҳақига савоб бўлади, деб ифтор бериш. Аслида ифторликни ўзига тўқ кишилар савоб умидида, кам таъминланган инсонларни чақириб ўтказишлари мақсадга мувофиқ. Аммо, кейинги пайтда ўзига тўқлар қилиши лозим бўлган ифторлар камайиб, марҳумлар ҳақига ўтказиладиган ифторлар кўпайиб кетди. Бундай ифторни биз тарафларда "ўлик ифтор" деб аташади.
Марҳумларга савоби тегсин, деб қилинадиган ифторликларнинг ҳам зарари йўқ. Лекин, ана шу ишни ўлик кўмган хонадонларда махсус қилиниши ёки ҳаммага мажбурият бўлиши динимизда ёқланмайди.
Бу йил маҳалламизда ўтказилган ифторлик маъракаларининг 80-90 фоизи марҳумлар ҳақига, ўтган йил Рамазон ойидан, бу йил Рамазон ойигача вафот этган кишилар оила аъзолари томонидан қилиб берилди. Улар орасида турли тоифадаги хонадонлар бор: бири ўзига тўқ, бири ўртаҳол, яна бир кам таъминланган. Ўзига тўқ ёки ўрта ҳолларнинг 150-200 кишини чақириб, ифторлик қилиши бу оилага оғирлик қилмас, аммо ўзи эҳтиёжманд, қўлида ортиқча маблағи бўлмаган ҳолда юзлаб кишини чақириб ифторлик қилиб беришини ноўриндир. Бу ҳолатнинг ёмон томони шундаки бу иш, яъни марҳумлар ҳақига ифторлик қилиб бериш биз тарафларда мажбурият даражасига чиқиб бўлган. Ўтган бир йил давомида ўлик кўмган хонадон борки, ҳаммаси ифторлик қилиб беришга мажбур. Албатта, бунда ҳеч ким ҳеч кимни мажбурламайди. Шу маъракани қилаётганлар ўзлари онгли равишда қилишади. Бироқ бир маърака мажбурият даражасига чиқар экан, кейин одамларни тўхтатишнинг иложи бўлмайди.
Тан олиш керак, кимдир вафот этган яқини ҳақига қандайдир сабаб билан ифторлик қилиб бера олмаган бўлса, буни кўча-куйда ўша инсонга таъна қилиб "ҳа, ўлган отангга(ёки онангга) ифтор қилиб бера олмагансан" деб гапирадиган калтафаҳм инсонлар ҳам орамизда афсуски бор. Қўли калта ҳолда бировдан қарз олиб бўлса ҳам вафот этган отаси ёки онасининг ҳақига ифторлик қилиб бераётганлар ўз маҳалладошларидан ана ўшандай аҳмоқона таъна гапни эшитмаслик учун ҳам мажбур бўлиб ифторлик қилмоқдалар.
Ўзим неча марта гувоҳи бўлдим, кам таъминланган оилалар боласи ёки хотини дардман, уларни шифокорга кўрсатмайди, уйида шароит умуман йўқ, шароитини тўғирлашни ўйламайди, аммо вафот этган отасига ёки онасига “ўлик ифтор” қилиб беради.
Жойларда масжидлар имомлари, маҳалла раислари, оқсоқоллар одамларга ифторлик маъракаси ҳақида тўғри тушунча ва тавсиялар берсалар. Зора шунда аксарият одамлар ифторлик моҳиятини, уни қарз олиб ҳам, бола-чақасининг ризқини қийиб ҳам, уйдан нарса олиб чиқиб сотиб ҳам ўтказиб бўлмаслигини тушуниб етсалар...
Ғайрат Йўлдош.