Владивостокда ўзбеклар ифторликни қандай ўтказади?
Кеча биринчи ифторга бордик. Ифторни Владивостокка келиб ўз кучи,ўз меҳнати билан дастлабки ўзбек ошхоналаридан бирини очган самарқандлик танишимиз ўтказиб бердилар. Эркак-аёлга алоҳида эшикдан кириладиган залларда жой ҳозирлаб,файзли дастурхон тузабдилар. Дастурхонга ўзбегимнинг миллий таомларидан бўлмиш нишолда, ҳолвайтар, қатиқли ун оши, кўкатли сомса, қатлама ва бошқа турли хил ноз-неъматлар тортилди. Меҳмонлар ичида 50-60 ёшли онахонлар, қайноналари етовида келган ёшгина келинчаклар, ўғил-қизлари билан ташриф буюрган биз каби ўрта яшар аёллар ҳам бор эди. Биз аёллар ўтириб салом-алик қилгунимизча болалар тезда бир-бири билан тил топишиб, каттакон залда қийқириб ўйнашга тушиб кетишди. Кўзим тушган жиҳатлардан энг биринчиси шу бўлдики, чақирилганларнинг ҳаммаси ўзбекона миллий кийимлардаги баъмани хонимлар эди. Онахонларимизнинг суҳбатларига қулоқ солатуриб уларнинг ўзларини тутишларидан, мусофир юртда туриб биз ёшларга чиройли ўрнак бўлаётганларидан, сўзлаш оҳангларидаги нозиктаъбликдан, ҳар бир мавзуда гўзал ҳаё, андиша билан фикр билдиришларидан ҳузурландим. Қалбим ифтихорга тўлди. Мусофир юртларда мени яхшилар тарафида қилиб, шундай ажойиб давраларга муносиб кўраётгани, фарзандларига миллий руҳда тарбия бериб келаётган оилалар билан ҳамсуҳбат қилаётгани учун Аллоҳимга беҳисоб шукроналар айтдим. Бизга эътиқоди, дини, урф-одатлари мутлақо ёт юртларда адаштирмаганига, мол-дунё топиб, қоронғу бурчакларда кайф-сафо қилиб кетадиганлар, ўзлигини, миллий ғурурини йўқотиб манқурт тақлидчига айланиб қолаётганлар қаторидан қилмаганига ич-ичимдан фахрланиб қўйдим. Яхши мавзуларда суҳбатлар бўлди.
Файзли даврадан бир олам таассуротлар, эзгу дуолар билан қўзғалдик.
Суратларини қўймоқчи эдиму,ўзларидан рухсат олмаганим учун фикримдан қайтдим. Сиз азизларимга эса илоҳим,барчамизни Яратган ўз паноҳида асрасин, ушбу муборак ойда ҳаётимиз давомида доимий одат бўлиб қоладиган гўзал амаллар, ибратли хулқ-атвор, Ўзи рози бўладиган иймон ва эътиқод билан сийласин, деб ният қилган ҳолда Владивостокдан соғинчли саломларимни йўллаб қоламан.
Ассалому алайкум!
Лола.