Юртбоши билан ифторлик
Бутун дунёда бўлгани каби юртимизда ҳам Рамазон ойи ўзгача шукуҳ ва тароват, хайру барака билан давом этмоқда. Бу борада давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори қабул қилиниб, ушбу қутлуғ ойда амалга ошириладиган тадбирлар, хайрия ишлари белгилаб берилган эди.
Айни пайтда мамлакатимиздаги 1600 дан зиёд масжидда Қуръони карим хатм қилиняпти. Саховатпеша, сахий инсоларнинг хайру эҳсонлари янада кўпаймоқда. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Садақанинг энг афзали Рамазонда қилинганидир” (Имом Термизий ривояти), деган ҳадисларига амал қилувчи юртдошларимизнинг сони ортиб бораётгани таҳсинга лойиқ.
Рўза тутганларга ифтор қилиб беришнинг ажри нечоғлик улуғ эканлиги хусусида тўхталган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деган эдилар: “Ким бир рўзадорга ифторлик берса, унга ўша рўзадорнинг ажрича ажр бўлади, рўзадорнинг ажридан эса бирор нарса камайтирилмайди” (Имом Термизий ва бошқалар ривояти).
Куни кеча мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ифторлик дастурхонлари ёзилди. Наманган вилоятидаги ифторликда Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этди. Давлатимиз раҳбари мамлакатимиз мусулмонларини Рамазон ойи билан яна бир бор табриклади.
– Бугун барчамиз – муҳтарам уламоларимиз ва нуронийларимиз, жамоатчилигимиз вакиллари биргаликда ифтор қилмоқдамиз. Ягона, аҳил оила бўлиб яшаётган кўпмиллатли Ўзбекистон халқи бугун гўёки бир дастурхон атрофида жам бўлиб ўтирибди. Ўйлайманки, бу савобли тадбир инсон қадрини улуғлашга, ўсиб келаётган ёшларимизни мана шундай олижаноб руҳда тарбиялашга хизмат қилади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Юртбошимиз бу ишларга ҳисса қўшаётган иймон-диёнатли, саховатли юртдошларимизга ташаккур айтди. Мамлакатимизда мутлақо янги ижтимоий ҳимоя тизими шаклланаётгани қайд этилди. Бу тизим биринчи навбатда эҳтиёжманд кишиларга, жумладан, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, етим қолган, ўзгалар парваришига муҳтож инсонларга ҳар томонлама эътибор ва ғамхўрлик кўрсатишга қаратилган.
Бу ҳақда сўзлар экан, Шавкат Мирзиёев Алишер Навоий бобомизнинг “Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай, онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай”, деган ҳикматини ёдга олди. Бундай қараш муқаддас динимизнинг асл инсоний моҳияти билан ҳамоҳангдир. Ҳақиқатан ҳам, чинакам мусулмон ўзига раво кўрган нарсани бошқаларга ҳам раво кўради.
Юртбошимизнинг нуронийлар, муҳтож кишилар, уламолар билан биргаликда ифторлик қилиши олдин кузатилмаган бир ҳолат бўлди. Халқ билан ёнма-ён бўлган давлат раҳбарининг чинакам халқпарварлиги мана шу сингари яқинлик ва самимийликда яна бир бор намоён бўлди.
Зайниддин Эшонқулов,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти бош имом хатиби.