ИИБнинг психологи бор
Самарқанд тумани Қорасув массивида Самарқанд шаҳри бўйича ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 9-сон ички ишлар бўлимининг янги биноси фойдаланишга топширилди.
Кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири П.Бобожонов, вилоят ҳокими Э.Турдимов ички ишлар тизимида амалга оширилаётган ўзгаришларни эътироф этди.
Таъкидландики, тизимда олиб борилаётган ислоҳотлар, яратилаётган шароит туфайли аҳолининг тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлашга эришилмоқда. Таҳлилларга назар солсак, республикамиз миқёсида 2017 йил якуни бўйича жиноятчилик 15 фоизга камайган бўлса, 2018 йилда бу кўрсаткич 30 фоизни ташкил этди.
Бўлимда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, ички миграция ва фуқароликни расмийлаштириш ишлари учун барча шароитлар яратилган. Хусусан, профилактика инспектори, тергов, суриштирув, маънавият ва маърифат хоналари мавжуд. Хоналар компьютер ва замонавий алоқа воситалари билан таъминланган.
– Бўлимимизда фаолият юритаётган 32 нафар ходим 16 маҳаллада истиқомат қилаётган фуқароларга хизмат кўрсатади, – дейди бўлим бошлиғи Fайрат Ҳалимов. – Яқинда массивда қурилиб, фойдаланишга топширилган янги кўп қаватли биноларга 88 та видеокузатув камералари ўрнатилди. Кузатув мосламалари орқали тўғридан-тўғри навбатчилик қисмининг ўзида кузатиш ишларини олиб бориш мумкин. Бу ортиқча оворагарчилик ва жиноят содир этилишининг олдини олади.
Шунингдек, фуқаролар паспортини бўлимнинг ўзида расмийлаштириш имкониятига эга бўлишди. Аҳоли учун психолог хизмати ҳам йўлга қўйилди.
Тадбир давомида 9-сон ички ишлар бўлимига Ички ишлар вазирлиги томонидан ажратилган "Nexia 3" русумли хизмат автомашинаси топширилди.
Б.ХОНКЕЛДИЕВ,
Б.РУСТАМОВ (фото).