Ижро ҳокимиятининг ваколат ва имкониятлари бошқа ҳокимиятларникидан юқори
Бу нарса яққол кўзга ташланиб қоляпти: ижро ҳокимияти суд ва қонун чиқарувчи ҳокимиятга нисбатан жамият ҳаётида роли кенгроқ. Ўзаро тийиб туриш тамойиллари, бир-бирини назорат функцияларини амалда ишлаши учун нима етишмаяпти?
Бу борада Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шуҳрат Полвоновнинг фикрлари қуйидагича:
- Тан олиш керак, бугунги кунда ижро ҳокимиятининг халқ, давлат ва жамият ҳаётидаги роли жуда кенг. Менимча, бу ижро ҳокимиятига берилган ваколатлар ва имкониятлар юқорилиги билан боғлиқ.
Тўғри, парламентни давлат аҳамиятига молик масалаларни кўриб чиқиш борасидаги ваколатлари доираси ҳам анча кенгайди. Жумладан, парламентда “Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ва бюджетномани кўриб чиқиш, Бош вазир ва ҳукумат аъзоларини тайинлаш (сайлаш), Вазирлар Маҳкамасининг ўтган йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунлари ва навбатдаги йил учун назарда тутилган асосий устуворликлар тўғрисидаги маърузаси ҳамда Давлат дастури бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботи, ҳукумат аъзоларининг ўз фаолиятига доир масалалар юзасидан ахбороти ҳамда уларнинг депутатлар саволларига жавобларини эшитиш («ҳукумат соати») институтлари жорий қилинди.
Бироқ фикримча, парламентдаги бу жараёнлар ҳали ҳам кўпроқ формал тусга эга бўлиб қолмоқда. Олдимизда парламент назоратини янада такомиллаштириш, самарадорлигини ошириш вазифаси турибди. Мавжуд ҳолатни таҳлил қилиб, илмий асосланган ҳолда Қонунчилик палатасининг қўмиталари ролини кучайтириш керак, деб ҳисоблайман.
Ҳокимиятларни ўзаро тийиб туриш тамойиллари, бир-бирини назорат функцияларини амалда ишлаши учун эса қонун устуворлиги таъминланиши муҳим ҳисобланади. Суд ва вакиллик органларининг ижро ҳокимияти мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари устидан назорати, таъсир доирасини амалда кенгайтирилиши юқорида айтилган функцияларнинг ишлашини таъминлаб беради, деб ҳисоблайман.