Ижтимоий давлат нима? Ҳуқуқий давлат-чи?

Янгиланаётган Конституциянинг 1-моддаси “Ўзбекистон – бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат”, дея ўзгартирилмоқда.

Келинг, ушбу моддадаги ижтимоий ва ҳуқуқий давлат, деган нормалар ҳақида дунёдаги айрим давлатлар конституциялари мисолида фикрлашайлик.

Ижтимоий давлат – бу давлатнинг конституциявий ҳуқуқий мақоми бўйича сифат тавсифи бўлиб, унда инсон ва фуқароларнинг иқтисодий, ижтимоий ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда давлатнинг тегишли мажбуриятлари конституциявий кафолатланганлигини тақозо этади.

Ижтимоий давлат жамиятнинг умумий манфаатларига хизмат қилиб, ундаги ижтимоий фарқларни камайтиришга ёки истисно қилишга интилади. Давлатнинг ижтимоий характери кўп ҳолларда унинг Асосий қонунида мустаҳкамлаб қўйилади. 1949 йил биринчи бор ГФР Конституциясида, кейинги йилларда бошқа Европа давлатларида, МДҲ давлатлари конституцияларида ижтимоийлик ўзининг конституциявий ифодасини топган. Ижтимоий давлат инсонларнинг меҳнати ва соғлиғини муҳофаза қилиш, иш ҳақининг минимал кафолатланган миқдорини белгилаш, оила, оналик, оталик ва болаликка, ногиронлар ва кекса кишиларга ёрдам беришни таъминлаш, давлат пенсиялари, нафақалари ва ижтимоий ҳимоянинг бошқа турларини кафолатлаш мажбуриятига эга. Ижтимоий давлатнинг моддий замини муҳтож қатламларнинг яшаш минимумини таъминлай оладиган иқтисодий ривожланишнинг юксак даражасидир.

Ҳуқуқий давлат эса давлатнинг ривожланганлик даражасини белгилаб беради.

Унинг қуйидаги белгилари мавжуд: а) фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳуқуқий ва ҳар томонлама кафолатланиши; б) ҳуқуқ ва қонуннинг устуворлиги; в) қонунларнинг тўғри амал қилиши; г) фуқароларнинг давлат олдидаги масъулияти ва аксинча давлатнинг фуқаролар олдидаги масъулияти; ҳокимиятларнинг тақсимланиш принципини амалиётга татбиқ қилиниши; д) жамият томонидан қўллаб-қувватланадиган, демократия, қонунийлик ва конституциявийлик режимларининг мавжудлиги.

Ҳуқуқий давлатнинг шаклланиши ва фаолият юритишнинг муҳим шарт-шароитлари қуйидагилар ҳисобланади:

- мамлакатда фуқаролик жамиятининг шаклланганлиги; жамиятнинг барча ёки кўпчилик аъзоларининг сиёсий ва ҳуқуқий онгининг юқори даражада эканлиги;

- уларнинг мамлакат ижтимоий ва сиёсий ҳаётида фаол иштирок эта олиши учун умуминсоний маданиятга эга бўлиши;

- мамлакатда бир-бирига зид бўлмаган ягона қонунчилик тизимининг мавжудлиги.

Ҳуқуқий давлат назарияси билан уни амалга ошириш ўртасида катта фарқ бор. Ҳозирги пайтда ҳуқуқий давлат назарияси дунёдаги кўпгина давлатларнинг конституцияларида ўз аксини топган. Масалан, 1978 йилда қабул қилинган Испания Конституциясининг 1-моддаси 1-бандида қуйидагилар мустаҳкамлаб қўйилган: «Испания – бу социал, ҳуқуқий ва демократик давлат бўлиб, бу давлатда олий қадрият эркинлик, адолат, тенглик ва сиёсий ҳурфикрлилик ҳисобланади». 1949 йилги ГФРнинг асосий қонунига кўра «Германия Федератив Республикаси демократик ва социал федератив давлат бўлиб ҳисобланади» (20-модда) ҳамда уларнинг конституциявий тузилмаси Асосий Қонунга зид келмаслиги керак (28-модда). Ҳуқуқий давлат тўғрисидаги ғоялар Австрия, Греция, Италия, Франция, Швеция, Швейцария ва бошқа бир қатор юқори даражада ривожланган давлатларнинг конституцияларида белгилаб қўйилган.

Ҳуқуқий давлат тўғрисидаги ғоя ва назарияларни дунёдаги кўпчилик мамлакатлар тан олсалар-да, аммо уни амалиётда ҳамма давлатлар тўлалигича қўлламайдилар. Ҳозирги пайтда ҳуқуқий давлат тўғрисидаги ғояни тўлиқ ҳаётга татбиқ қилган бирор-бир давлатни учратмайсиз. Худди шу маънода ҳуқуқий давлат тўғрисидаги назариялар ҳар қандай демократик давлат интилиши керак бўлган идеал, эталон вазифасини ўтайди.

Луқмон Асатов,

Паст Дарғом туманлараро иқтисодий суди раиси.