Ижтимоий эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандларини давлат қарамоғига олади
Ҳукумат қарори (257-сон, 28.03.2019 й.) билан Ижтимоий эҳтиёжманд оилаларнинг иқтидорли фарзандларини узлуксиз таълим олишини моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди, деб хабар бермоқда ҳуқуқий ахборот канали.
Низомга мувофиқ, ижтимоий эҳтиёжманд оилаларнинг иқтидорли фарзандларини узлуксиз таълим олишини моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ёшлар масалалари бўйича ҳудудий идоралараро кенгашлар томонидан амалга оширилади.
Болаларни қўллаб-қувватлаш учун Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилотлари ва маҳаллалар ҳар йили 1 июнгача идоралараро кенгашларга ёзма тавсия билан бирга қуйидаги ҳужжатлар тақдим этади:
•ўқувчиларнинг ютуқларини тасдиқловчи ҳужжатлар (мавжуд бўлганда);
•ўқувчи ва оила аъзоларининг паспорти ёки туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома нусхалари;
•ногиронликни тасдиқловчи ҳужжатлар нусхаси (мавжуд бўлганда);
•боқувчисини йўқотганлик тўғрисидаги ҳужжат нусхаси (мавжуд бўлганда).
Ҳужжатлар ҳар йили 10 июнгача идоралараро кенгашлар томонидан кўриб чиқилади ҳамда 15 июнга қадар вилоят кенгашларига тақдим этилади.
Қўллаб-қувватлаш бўйича қарор ҳар йили 30 июнга қадар қабул қилинади.
Ўқувчилар қуйидагилар билан таъминланади:
замонавий ягона мактаб формаси;
• асосий турдаги ўқув қуроллари;
• бадиий китоблар.
Шунингдек, ўқувчиларга газета ва журналларга обуна бўлишда амалий ёрдам кўрсатилади ҳамда уларнинг республика оромгоҳларида дам олиши ва саёҳатлар ташкил этилади.