Икки операция биттада амалга ошади
Самарқанддаги ихтисослашган болалар хирургия маркази ташаббуси билан ўтказилган халқаро анжуман жарроҳлар учун яна янги кўникмаларни шакллантиришга имкон берди. Осиё эндоскопик ва лапароскопик жарроҳлар жамияти томонидан чурраларни замонавий усулда даволаш бўйича ўтказилган семинарда Сингапур, Ҳиндистон, Малайзия, Япония каби давлатлардан мутахассислар келиб тажриба алмашди. Мамлакатимизнинг барча вилоятларидан, шунингдек, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон каби қўшни мамлакатлардан иштирок этган жарроҳлар учун биринчи кун назарий маълумотлар тақдим этилган бўлса, иккинчи кун воркшоп ўтказилди. Мураккаб операцияни иштирокчилар нафақат операция хонаси, балки конференц залда, жонли тарзда онлайн кузатиб бориш ва саволларга жавоб топиш имконига эга бўлишди.
-Мазкур марказ билан 2017 йилдан бери яқин ҳамкорликда иш олиб бораяпмиз, - дейди Осиё эндоскопик ва лапароскопик жарроҳлар жамиятининг бош котиби, Сингапур каминвазивли жарроҳлик маркази директори Дэвид Ломанто. – Ўша йилларда эндоскопик жарроҳликлар кам қўлланилиб, асосан оддий операциялар амалга оширилар эди. Эндиликда бу жараён мамлакатингизда йилдан-йилга мураккаблашиб, уларнинг сони ҳам кўпайиб бормоқда. Бугун биз обдоминал чуррани замонавий усулда, янаям кам жароҳат етказадиган тарзда даволаш масалалари бўйича тажриба алмашдик, шу ерда ушбу операция кўргазмали тарзда амалга оширилди.
-200 ўринга мўлжалланган марказимизда бир йилда ўртача беш мингга яқин жарроҳлик амалиётлари бажарилади, - дейди ихтисослашган болалар хирургия маркази бош шифокори Жамшид Шамсиев. – Бугунги кунда уларнинг 35 фоизи замонавий усулларда (лапороскопик, торакалоскопик, эндоурологик) амалга оширилаяпти. Чақалоқлардан тортиб, 18 ёшгача бўлган болаларга хизмат кўрсатувчи марказимизда замонавий операциялар амалга ошириш учун барча шароитлар мавжуд. Бундан етти йил аввал асосан оддийроқ операциялар замонавий усулда ўтказилган бўлса, бугунга келиб, ўпка, жигар эхоноккоки, буйрак-тош касалликлари ва бошқа кўплаб мураккаб касалликлар шу усулда жарроҳликка тавсия этилмоқда. Уларни амалга ошираётган шифокорларимиз аввало доимий равишда марказимизда ташкил этилаётган шу каби семинарларда тажриба алмашмоқда. Қолаверса, улар ҳар йили мунтазам равишда Европа давлатларида, шунингдек, Жанубий Корея, Туркия, Малайзия каби мамлакатларида малакасини ошириб келмоқда.
Семинар иштирокчилари Япониянинг Огикубо жарроҳлик клиникаси департаменти раҳбари Нориаки Камеяма, Малайзиянинг эндоскопик ва лапараскопик жарроҳлар жамияти Президенти Вимал Кумар ва бошқа кўплаб мутахассислар билан тажриба алмашди, янги билимларни ўзлаштиришди.
-Мазкур марказда ташкил этилган халқаро доирадаги семинарларда бир неча бор иштирок этганман, - дейди Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Андижон вилоят филиали лапороскопик жарроҳи Илҳом Атахонов. – Бугунги замонавий технологиялар ривожланаётган кунда жарроҳлар доимий равишда ўз устида изланиши, янгиликларни амалиётга татбиқ этиши муҳим аҳамиятга эга. Сабаби, замонавий усулда бу каби операциялар туфайли беморга анъанавий усулдаги операциядан кўра анча кам жароҳат етказилади, табиийки, бу унинг тезроқ соғайишига имкон беради. Шунингдек, у шифохонада кўп муддат давомида ўринни банд этмайди. Шу тариқа жамият ҳам, бемор ҳам бундай амалиётдан бирдай фойда кўради. Мана, ҳозир биз икки томонлама чуррани бир вақтнинг ўзида даволаш бўйича янгиликларни ўзлаштираяпмиз. Бу хасталикни анъанавий усулда операция қилинса, бир неча ой муддат сарфланиши ва иккита жарроҳлик қўлланилиши керак. Замонавий усулда эса бир мартанинг ўзида хасталик бартарф этилиши кўзда тутилган. Табиийки, бундай усул беморнинг узоқ вақт давомида реабилитацияга муҳтожликдан ҳам озод этади.
Анжуман давомида мутахассислар соҳадаги бошқа янгилик ва тадқиқотлар натижалари билан ҳам танишдилар, келгусидаги ҳамкорлик давомийлиги юзасидан фикрлашдилар.
Гулруҳ МЎМИНОВА.