Икки ойлик навбат, бир умрлик сабоқ

Болалигимда туман марказида бир кутубхона бўларди – тор ва қоронғи. Тахминан 3 мингга яқин китоб сақланарди у ерда. Аксарият китоблар рус тилида, ўзбек адабиёти дурдоналари эса саноқли эди. Биргина Қодирийнинг "Ўткан кунлар"ини ўқиш учун икки ой навбат кутганман. Дугоналарим орасида кимнингдир дадаси дўкондан қизиқарлироқ китоб сотиб олиб берса, у ҳам қўлма-қўл бўлиб кетарди.

Мактабларда ҳам китоб сақланадиган жой бўларди, аммо уни кутубхона деб бўлмасди. Торгина бир хонадан кутубхона ўрнида фойдаланиларди. Бу ерда фақат дарсликлар сақланарди, бирорта бадиий китобни топиб бўлмасди.

Она тили ва адабиёт фанидан дарс берадиган устозимизнинг “Китоб орқали биз ўтмишни ўрганамиз, бугунни тушунамиз ва келажакка йўл оламиз”, деган гаплари қулоғим остидан кетмайди. Шуни англаган ҳолда китобга меҳр қўйиб улғайдим. Болалик ва ўсмирлик давримизда кўп китоб ўқиганим самараси бўлса керак, бугун нуфузли олий таълим муассасаси – Самарқанд давлат чет тиллар институтида ўқитувчи бўлиб ишлаяпман.

Бугунги кун кутубхонаси эса бутунлай бошқача, замонавий билимлар, маънавият, маданият ва ахборот технологиялари уйғунлашган, фуқаролар эҳтиёжини ҳар томонлама қондирувчи муҳим маърифий маскандир.

Биргина институтимиздаги ахборот-кутубхона марказимизда 25 минг 771 номдаги 290 мингдан ортиқ китоб мавжуд. Уларнинг 80 мингга яқини бадиий адабиётлар. Бугун фойдаланувчилар учун Wi-Fi, электрон ахборот базалари, компьютерлар зали, шунингдек, электрон каталог ва QR-кодли хизматлар орқали китобларга қулай ва тез йўл топиш имконияти яратилган.

Бу ерда талабалар ва илмий изланувчилар учун мунтазам равишда семинарлар, танловлар, давра суҳбатлари ўтказилиб, уларнинг маънавий ва интеллектуал ўсишига туртки бериб келинмоқда. Шу билан бирга, кутубхонада ногиронлиги бўлган шахслар учун ҳам махсус қулайликлар яратилгани диққатга сазовор.

Бугун ҳатто айрим қишлоқлардаги мактаблар ва бошқа ташкилотлар қошидаги кутубхоналарда ўша яқин ўтмишдаги, туман марказидагидан кўпроқ китоблар мавжудлиги кишини қувонтиради. Аммо бу китобларни ўқийдиганлар камлиги ачинарлидир. Китоб – бу нафақат қоғозга босилган ҳарфлар тўплами, балки инсон маънавиятининг меваси, миллатнинг маърифий бойлиги, тарихнинг кўзгуси эканлигин англаб етишимиз зарур.

Ирода Бекназарова.