Икки публицистик асар тақдимотида ким нима деди?
Пушкин номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида муаллиф “Зарафшон” газетаси бош муҳаррири ўринбосари, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг вилоят бўйича мухбири Ғолиб Ҳасановнинг “Янгича яшаш нима?” ҳамда фахрий ижодкор Бахтиёр Шариповнинг “Юрак йиғлайди” номли китоблари тақдимоти ўтказилди.
“Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” шиори остида ташкил этилган тақдимот тадбирида фахрий журналистлар, адабиёт ихлосмандлари, ёш шоир ва ижодкорлар ҳамда турли соҳа вакиллари қатнашди.
Китоб байрамида сўз олган ижодкор, шоир ва журналист Ф.Тошев, вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи М.Ибодлуллаев ҳамда таклиф этилганлар икки муаллиф ва уларнинг китоблари ҳақида гапирди.
Таъкидланишича, “Турон нашр” нашриётида чоп этилган “Юрак йиғлайди” китоби қисса билан бошланган ва қатор публицистик ҳамда фельетонлардан иборат. “Зарафшон” газетаси кутубхонаси туркумидан чоп этилган “Янгича яшаш нима?” китобида жамланган материаллар жанри турлича бўлиб, суҳбат, публицистика, мақола, фельетон, ҳажвия тарзида берилган. Шунингдек, мулоҳаза, мунозара, очиқ ва аччиқ гаплар қаламга олинган.
Ҳусан Элтоев.