Икки ёшгача бола нафақаси қандай тайинланади?

Б.ҲАМРОЕВ,

Паст Дарғом тумани.

– Кам таъминланган, 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга, икки ёшгача бола парвариши бўйича нафақа, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тариқасида ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам турлари бор. Амалдаги ҳуқуқий ҳужжатга кўра, болали оилаларга нафақа ва моддий ёрдам 6 ойга, бола парвариши бўйича нафақа эса 12 ойга тайинланади, бироқ бола икки ёшга тўлган ойдан кейинги ойга ўтмаслиги керак.

 Агар туғилган, фарзандликка олинган ёки васийликка қабул қилинган икки ва ундан ортиқ бола тарбияланса, у ҳолда бола парвариши бўйича нафақа кичик бола икки ёшга тўлгунга қадар бир баробар миқдорда тўланади. Болали оилаларга бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам оила аъзоларининг ўртача ойлик даромади энг кам ойлик иш ҳақининг 1,5 баробаридан ортиқ бўлмаган оилаларга тайинланади. Оиланинг жами даромадларини аниқлашда оила аъзоларининг меҳнатга ҳақ тўланадиган даромадлари, мулкий даромадлар, тадбиркорлик, чет элдаги ишлайдиган оила аъзосидан юборилган маблағ, пенсия, стипендия ва нафақалар, деҳқон хўжалиги юритишдан олинган даромадлар ҳисобга олинади.

Саволга вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Х.БОБОНОВ жавоб берди.