Илм-фан сеҳрига ошно олим, профессор Асадулла Даминов 60 ёшни қаршилади

Илм шундай бебаҳо неъматки, у асл фидойиларни тез фурсатда ўз сеҳрига ошно этади, сир-синоатларини очади ва эгаларини бир умрга мафтун этади. Ветеринария фанлари доктори, профессор Асадулла Даминов ҳам илм-фанга ана шундай ошно бўлган инсонлар сирасига киритиш мумкин.
Профессор А.Даминовнинг феъл-атвори, қизиқишлари, жамоада тутган ўрни ва шогирдларига муносабати ҳақида соатлаб гапириш мумкин. Домладаги одамгарчилик, самимийлик, адабиёт шинавандаларига хос сўзга чечанлик, ҳамиша суҳбатдошига умид берувчи сўзлари унинг том маънодаги зиёли инсонлигидан дарак беради. Манманлик, кибр, одамларни менсимаслик бу кишига мутлақо бегона.
Ветеринария соҳаси санъат ва адабиётдан анча узоқ деб ўйласангиз, хато қиласиз. Даминовни яқиндан билмаганлар уни адабиётчи, деб ўйлаши мумкин. Шеъриятни жуда нозик тушуниши, шеъларни ифодали ўқиши, бадиий асарлар ҳақидаги билими билан сизни ҳайрон қолдиради. Домла ўз хонадонида катта кутубхона ҳам ташкил этган.
Самарқанд қишлоқ хўжалик институтининг ветеринария факультетини имтиёзли диплом билан тамомлаган домла олийгоҳнинг ҳайвонлар анатомияси кафедрасида ассистент лавозимида ишда қолгач, бутун ҳаётини шу таълим даргоҳи билан боғлади.
1995 йилда «Қоракўл қўйлар умуртқа поғонаси суякларининг постнатал тараққиёт даврида экологик-морфологик хусусиятлари» мавзусида номзодлик диссертациясини ёқлади ва 2004 йилда доцент унвонига эга бўлди.
2016 йилда «Республиканинг турли биогеоценозларида қорамоллар трематодозларининг эпизоотологик ва иммунологик хусусиятлари» мавзусида докторлик диссертациясини ёқлади.
2008-2018 йиллар давомида ўриндошлик асосида Самарқанд ветеринария медицинаси институти, Чорвачилик ва паррандачилик илмий тадқиқот институти ҳузуридаги фалсафа доктори (PhD) ҳамда фанлар доктори (ДSc.) илмий даражасини берувчи илмий кенгашда фаолият кўрсатди.
Илмий ва педагогик фаолияти давомида 4 та дарслик, 5 та ўқув қўлланма, 3 та услубий қўлланма, 2 та монография, 1 та рисола, 1 та тавсиянома, 150 дан ортиқ институт, республика ва ҳалқаро миқёсда илмий мақолалари чоп эттирди.
Даминов 2012-2017 йиллар давомида 6 та республика фан олимпиадаси ғолибларини тайёрлади, ассистентлар, фан номзодлари чиқарди.
2018 йилда профессор ветеринария илми ва амалиётига қўшган ҳиссаси учун “Йилнинг энг яхши ветеринария устози” номинацияси бўйича республика танлови ғолиби бўлди.
Самарқанд ветеринария медицинаси институти жамоаси номидан Асадулла Даминовни муборак 60 ёшлик юбилейи билан қутлаймиз!
Гулчеҳра БЕРДИЁРОВА.