“Илм истар киши доим сенинг бағринг томон шошгай”

Иштихон туманида “Иштихон ижод мактаби” ташкил этилганлигининг бир йиллиги муносабати билан “Ижодимиз сенга бахшида, жонажон, янги Ўзбекистоним!” шиори остида адабиёт ва шеърият тадбири бўлиб ўтди.

Вилоят ҳамда Иштихон тумани ҳокимлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмаси вилоят бўлимлари ташаббуси билан ташкил этилган тадбир аввалида Самарқанд вилояти ҳокимининг маслаҳатчиси Саидаҳмад Усмонов вилоят ҳокимининг иштирокчиларга ҳамда самарқандлик таниқли ижодкор, Ўзбекистон Миллий университети доценти Тўлқин Эшбек таваллудининг 60 йиллиги муносабати билан табрик сўзларини ўқиб эшиттирди.

Ижодий кечада, шунингдек, Иштихон тумани ҳокими Фазлиддин Рўзиев, шоир ва адиб Фармон Тошев, таниқли журналист Исмат Хушев, шоира Хосият Бобомуродова, пойтахтлик ва самарқандлик олим, шоир ва адиблар сўз қудрати, адабиёт кучи, шеърият қадри, мутолаа завқи ҳақида гапиришди. Бир йилдан буён фаолият кўрсатиб келаётган “Иштихон ижод мактаби”нинг жамиятга бераётган фойдаси, аҳоли, асосан, ёшларни адабиётга қизиқишини орттиришда мактабнинг ўрни ҳақида алоҳида сўз юритилди. Ушбу ижод мактаби ташкилотчиси Тўлқин Эшбек ижоди сўз олганларнинг асосий мавзусига айланди.

Тадбирда туман ҳокими Ф.Рўзиев ҳудудда китобхонликка эътиборни ошириш мақсадида ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғинига 100 дан зиёд нусхадаги китоблар жамланмаси тақдим этаётганини билдирди ва шу ернинг ўзида энг фаол маҳалла раисларига бадиий китоблар тўплами туҳфа этилди.

Мушоирага айланиб кетган маънавий тадбирда иштихонлик ижодкорлар – таниқли тележурналист Абдурасул Ашуров, шоира Муҳаббат Тўхташева, ёзувчи Улуғбек Ўриновларнинг ижодий фаолияти ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди. Улар ҳамда шоирлар ўз ижод намуналаридан ўқишди.

Ҳусан Элтоев.