Илмий даражали техникум ўқитувчилари сони 18 нафарга етди
Таълимнинг бошланғич, умумтаълим, профессионал ва олий босқичлари ўртасида узлуксизликни таъминлаш орқали ёшларга қизиқиши ва қобилиятига мос билим олиши, замонавий касбларни эгаллаши ва етук мутахассис бўлиб етишиши учун зарур шароитлар яратилмоқда.
Президентимизнинг 2022 йил 1 апрелдаги “Самарқанд давлат тиббиёт университетини ташкил этиш ва соҳадаги кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Абу Али ибн Сино номидаги тўққизта - Самарқанд, Сўзонгарон, Сиёб, Ургут, Паст Дарғом, Каттақўрғон, Пахтачи, Иштихон ва Пайариқ жамоат саломатлиги техникумлари университетимизга бириктирилди. Бугунги кунда университетнинг барча факультет ва кафедралари билан жамоат саломатлиги техникумлари ўртасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилди. Профессор-ўқитувчиларимиз техникумларда маҳорат дарслари, очиқ машғулотлар ва ўқув семинарларини мунтазам ўтказиб келмоқда. Ўқувчилар учун долзарб мавзуларда давра суҳбатлари ташкил этилиб, ҳамкорликда электрон дарсликлар, ўқув қўлланмалар ва услубий материаллар яратилмоқда. Жумладан, бугангача 88 та дарслик, ўқув-қўлланма ва услубий қўлланма тайёрланди. Натижада ўтган ўқув йили илмий даражага эга бўлган техникум ўқитувчилари сони 18 нафарга етди.
Вилоятимиздаги Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумлари Россия, АҚШ, Корея, Қозоғистон, Қирғиз республикаси, Беларус, Тожикистон тиббиёт коллежлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатди. Сиёб жамоат саломатлиги техникумида мамлакатимизда илк бор қўшма таълим дастури жорий этилди. Унга кўра, Жанубий Кореянинг ДаеЖеонг тиббиёт университети билан ҳамширалик иши йўналишида “2+1” ва “2+2” таълим моделлари бўйича кадрлар тайёрлаш режалаштирилган. Бу дастурга мувофиқ, талабалар дастлаб икки йил Сиёб техникумида, кейинчалик эса бир ёки икки йил Кореяда таълим олади. Университетда ташкил этилаётган халқаро илмий-амалий анжуманларда техникум ўқувчилари ҳам иштирок этяпти.
Техникумларни муваффақиятли тамомлаган битирувчилар мутахассисликларига мос бакалавриат йўналишларида суҳбат ҳамда тўлов-контракт асосида университетимизнинг 2-босқич талабаси бўлиш ҳуқуқига эга. Ушбу имтиёздан техникумни “аъло” ва “яхши” баҳолар билан тамомлаган, баҳоларининг камида 50 фоизи (тиббий йўналишларда 85 фоиз) “аъло” бўлган битирувчиларгина фойдаланишлари мумкин.
Булардан ташқари, тиббиёт техникумларида моддий-техник базанинг мустаҳкамлангани самарасида таълим жараёнларига инновацион ва амалий таълим усуллари жорий этилмоқда. Бунинг учун замонавий ўқув-симуляцион аудиториялар ташкил этилиб, улар орқали ўқувчилар амалий кўникмаларини мустаҳкамлаётир.
Хулоса қилиб айтганда, университетимиз ва Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумлари ўртасидаги самарали ҳамкорлик таълим сифатининг ошишига, илмий-тадқиқотлар, маънавий-маърифий ишлар ва халқаро алоқаларнинг янги босқичга кўтарилишига хизмат қилмоқда.
Жасур РИЗАЕВ,
Самарқанд давлат тиббиёт университети ректори, профессор.