Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Илмий салоҳияти юқори ОТМлар маълум қилинди: СамДУ етакчилар сафида, СамДЧТИда эса паст кўрсаткич

Олий таълим муассасаларининг илмий салоҳияти уларда фаолият кўрсатаётган профессор-ўқитувчиларнинг илмий даражасига қараб аниқланади.

Бунда ОТМда фаолияти кўрсатаётган жами ўқитувчилардан (асосий штат ва ички ўриндошлар) неча фоизида илмий унвони ва даражаси мавжуд қараб баҳоланади.

Ушбу кўрсаткичлар халқаро тан олинган агентликлар рейтинги ҳамда миллий ОТМлар рейтингига алоҳида индикатор сифатида киритилган.

Бугунги кунда юртимиздаги миллий ОТМлар ўртасида профессор-ўқитувчиларнинг илмий салоҳияти бўйича энг юқори ўринни қайд этган Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетидаги ўқитувчиларнинг 55,1 % илмий унвон ва даражаларга эга. Ушбу олийгоҳда фаолият олиб бораётган жами 176 нафар ўқитувчилардан 29 нафари фан доктори ва профессор, 68 нафари фан номзоди (PhD) илмий даражасига ёки доцент унвонига эга. Ушбу индикатор бўйича навбатдаги ўринларни Ўзбекистон миллий университети (52,7 %), Самарқанд давлат университети (51,3 %) эгаллаган.

Илмий салоҳият бўйича энг паст кўрсаткич Самарқанд давлат чет тиллар институти (21,3 %), Термиз давлат университети (20,7 %), Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети (20,7 %), Фарғона политехника институти (19,8 %) ва Қўқон давлат педагогика институти (19,4%)да қайд этилган.

Сўнгги бир йил ичида миллий ОТМларнинг асосий штатдаги профессор-ўқитувчилар сони 10,6 фоизга, талабалар сони 25,4 фоизга, фан доктори (DSc) илмий даражасига ёки профессор унвонига эга профессор-ўқитувчилар 11,0 %, фан номзоди (PhD) илмий даражасига ёки доцент унвонига эга профессор-ўқитувчилар 10,1 %, диссертация ҳимоялари (шунингдек, илмий даражага эга бўлмай профессор илмий унвонини ёки доцент илмий унвонини олган ёки уларга тенглаштирилган) 41,1 фоизга ошган.

Жорий йилда эълон қилинган миллий ОТМлар рейтинги жами 20 та индикатор орқали аниқланди. Профессор-ўқитувчилар илмий салоҳияти эса улардан бири ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, Таълим инспекцияси томонидан жорий йилнинг октябрь ойида мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларининг миллий рейтинги (2020 йил 1 январь ҳолатига) эълон қилинганди. Жорий йилги рейтингда Ўзбекистон миллий университети, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти, Самарқанд давлат университети, Тошкент ахборот технологиялари университети, Тошкент давлат аграр университети етакчи ўринларни эгаллаган.