Қадалаётган чигитнинг 10 фоизи хорижники. Нега?
Бу янгилик ўзини оқлайдими?
Яқин ўтмишимизда пахта етиштириш одамларимизнинг асосий даромад манбаи эди. Собиқ иттифоқ давридан қолган бу анъанага янги даврда бутунлай чек қўйилди: чигит экиш, ғўза парваришлаш, етиштирилган ҳосилни йиғиб олишга аҳоли оммавий жалб қилинмайдиган бўлди.
Аммо бу билан қимматли хом ашёга эътибор сусайгани йўқ. Энди етиштириш ва йиғиб олиш деҳқоннинг ўзига қўйиб берилиб, ҳосилни қайта ишлаш, қўшимча қиймат яратиш чоралари кўриляпти.
Савол туғилиш табиий - бундан нима наф?
Амалга оширилган ислоҳотлар натижасида тўқимачилик барча ҳудудларимизда кенг тарқалган ва аҳолини энг кўп банд қилган салоҳиятли саноат тармоғига айланди. Юртимизда 6 мингдан зиёд корхонада 570 минг киши иш билан таъминланган.
Давлат раҳбари иштирокида йиғилишда бу рақам қайд этилиш баробарида, вилоятимизда ушбу йўналишдаги ишлар ҳам эътироф этилди. Хусусан, Самарқанд шаҳридаги “Зарафшон текстил” фабрикаси 11 та ҳудудий филиал очган. Бунинг афзаллиги шундаки, ортиқча вақт ва харажат қилиб, янгидан стандарт жорий қилиш ёки сертификат олиш шарт эмас. Шу боис бу амалиётни кенгайтириш зарурлиги қайд этилди.
“Boston Consulting Group” хулосасига кўра, биздаги хомашё билан камида 15 миллиард долларлик маҳсулот ишлаб чиқариш, яна 500 мингта янги иш ўрни яратиш имконияти бор.
Тўқимачилик корхоналари учун энг муҳим масалалардан бири бу – хомашё. Мамлакатимизда 1 миллион 300 минг тонна толани қайта ишлаш қуввати бор. Лекин ҳозирда 1 миллион тоннага яқин тола тайёрланмоқда. Шу боис пахта етиштириш таннархини камайтириш ва ҳосилдорликни ошириш зарурлиги таъкидланди.
Бунинг учун янги тизим қилинди
Жорий йили ҳосилидан бошлаб фермерлар ва кластерларга пахта хомашёсини етиштириш ва якуний ҳисоб-китоблар учун Қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан кредитлар ажратишнинг янги тизими жорий этилади. Ажратилган кредит маблағлари ҳисобидан агротехник тадбирлар доирасида товарлар, ишлар ва хизматлар, шу жумладан, моддий ресурслар етказиб берувчилар фермер хўжаликлари ва кластерлар томонидан ихтиёрий танланади. Кредит буюртмалари тўлиқ электрон шаклда тақдим этилади.
Маълумот учун, 2024 йил ҳосили учун вилоятимизда 73 246 гектар майдонда ғўза навлари экиш режалаштирилган. Бунинг учун 4 401 тонна уруғлик чигит талаб этилади. Ғўза навларининг иқлим шароитига мос 4 та эртапишар ҳамда 5 та истиқболли ва янги навларни экиш кўзда тутилган.
Бугунги кунгача вилоят бўйича мавжуд 4 та уруғлик чигит тайёрлаш цехлари тўлиқ ишлаши учун барча зарурий чоралар кўрилган. Хусусан, уруғлик чигитларни қадоқлаш учун етарли миқдорда қоп ва ёрлиқлар, кимёвий препаратлар захираси яратилган.
Ҳосилдорликни ошириш учун-чи?
Қайд этиш лозимки, бугунги кунда вилоятимизда пахта ҳосилдорлиги гектаридан 35-45 центнергача бўлмоқда. Бундай ҳолат рентабелликни ошириш ва мавжуд қувватларни хомашё билан тўлиқ таъминлаш имконини бермаяпти. Бошқача айтганда, мавжуд ҳосилдорлик билан янги иш ўрни ва кўпроқ қўшимча қиймат яратиб бўлмаяпти.
Шу боис, ушбу йўналишда ҳам давлатимиз раҳбари ечимни кўрсатиб берди. Жумладан, пахта-тўқимачилик кластерлари ва фермер хўжаликлари томонидан ғўза навларини жойлаштиришда кафолатланган уруғ таъминотига мувофиқ эркинлик берилмоқда.
Бундан ташқари, пахта етиштириладиган майдонларнинг 10 фоизига тажриба-синов тариқасида хорижий пахта навларини экишга рухсат берилди.
Бу борада вилоятимизда хорижий давлатлардан 220 тонна уруғлик чигит импорт қилиш режалаштирилган. Шундан тўғридан-тўғри марказлашган ҳолда 110 тонна кластерлар, “Tianye Plastik” масъулияти чекланган жамияти томонида яна шунча уруғлик чигит келтирилади.
Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, Паст Дарғом, Пайариқ, Нарпай ва Каттақўрғон туманларида минг гектардан зиёд майдонга хорижий чигит навлари қадалади. Пахтачи, Иштихон ва Оқдарё туманларида ҳам 600 гектардан кам бўлмаган ерда шундай синов ўтказилади.
Аввало айтиб ўтиш лозим, хориждан олиб кириладиган пахта навлари учун алоҳида агротехника ва соддалаштирилган карантин талаблари жорий этилиб, ушбу навларни етиштириш махсус карантин кузатувида ва Пахтачилик кенгаши илмий кўрсатмаси асосида олиб борилади.
Энди сарлавҳадаги саволга келсак. Рост, хорижнинг уруғлик чигит нархи маҳаллий навларникига нисбатан баланд. Мисол учун, Туркиядан келтирилаётганининг килограми 40 минг сўм, Хитойники 65 минг сўм атрофида бўлмоқда. Маҳаллий навларни эса 20 минг сўм атрофида харид қилиш мумкин.
Гектарига 25 килограмм чигит қадалишини ҳисобга олсак, деҳқон импорт уруғлик чигит учун (1 миллион 625 минг – 500 минг сўм) 1,1 миллион сўмдан кўпроқ ортиқча харажат қиляпти.
Аммо юқорида айтдик, шу пайтгача гектаридан 35-45 центнер пахта йиғиштирган фермер ерга импорт уруғлик чигит қадаса 100 центнергача пахта етиштириши мумкинлиги айтилмоқда. У кутилгандек самара бермаса ҳам деҳқон 75-80 центнер ҳосил олиш имконига эга бўлади.
Шунинг ўзиёқ қилинган харажат 4-5 баробар ошиғи билан чиқариб олинишини билдиради.
Дарвоқе, фючерс шартномаси (кластер билан келишув)дан ортиқ етиштирилган пахта хом ашёсини фермер хўжаликлари биржа орқали исталган субъектга сотиши мумкин.
Баҳодир СУЛАЙМОНОВ,
Уруғчиликни ривожлантириш маркази вилоят бошқармаси бошлиғи.