Инфляция дунё бўйича кўп йиллик рекордларни янгиламоқда

Дунё бўйлаб инфляцион босим кучайиб, ривожланган ва ривожланаётган иқтисодиётларга ўз таъсирини кўрсатмоқда, деб ёзади MarketWatch.

Шундай қилиб, Жанубий Кореяда истеъмол нархлари ўсиши июнь ойида 6 фоизга тезлашди ва 1998 йилдан бери энг юқори кўрсаткичга етди. Натижада, таҳлилчилар мамлакат Марказий банки келаси ҳафта бўладиган йиғилишда ставкаларни ошириши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Бир кун олдин Туркияда инфляция деярли 79 фоизни ташкил этгани маълум бўлди, бу сўнгги 24 йилдаги рекорд кўрсаткичдир.

Индонезияда ўтган ойда нархларнинг йиллик ўсиши 4,35 фоизга тезлашди, бу 2017 йил ёзидан бери энг юқори кўрсаткичдир.

Дунёда инфляция тезлашиши пул-кредит сиёсатини мураккаблаштира бошлаган марказий банклар учун асосий муаммога айлангани бор гап.

Шу билан бирга, ўта юмшоқ ўн йиллик пул-кредит сиёсатидан сўнг қарз олиш нархи ошиши иқтисодий ўсишнинг секинлашишига ёки ҳатто рецессия (чекиниши)га олиб келиши мумкин, дея хавотир билдирмоқда таҳлилчи ва бозор иштирокчилари.