Ингичкада ичимлик суви муаммоси билан ёшлар курашяпти

Каттақўрғон шаҳри марказидан тахминан 30 километр узоқликдаги ушбу шаҳарчада бешта маҳалла жойлашган. Маҳаллаларда ёшлар етакчилари фаолияти йўлга қўйилиб, ингичкалик ёшларнинг бўш вақтини мақсадли ўтказиш, иқтидорини рўёбга чиқариш бўйича тизимли ишлар олиб бориляпти.

— Давлатимиз, халқимиз биз, ёшлар етакчиларига катта ишонч билдирди, - дейди Каттақўрғон маҳалласи ёшлар етакчиси Меҳриддин Раҳматов. – Бу ишончни оқлаш учун астойдил ҳаракат қиляпмиз. Бу жараёнда бизга “Ёшлар баланси” платформаси жуда қўл келди. Сабаби, уни шакллантириш асносида маҳалланинг ҳар бир ёши билан танишиб, уларни қийнаётган муаммоларни ўргандик, ким билан қандай ишлаш, биринчи қайси масалаларга эътибор қаратиш кераклигини тушундик. Натижада маҳалламиздан “Ёшлар дафтари”га киритилган 28 нафар фуқаронинг барчасини "дафтар"дан чиқаришга эришдик. Жумладан, 4 нафар талабага шартнома тўловининг 50 фоизи тўлаб берилди, 1 нафар ёшнинг кран бошқарувчилик бўйича ўқув курсида ўқиш харажатлари қоплаб берилди, 12 нафарига эса ўзини ўзи банд қилиши учун зарур асбоб-ускуналар ажратилди. Тижорат банкларидан кредит олиб, тадбиркорлик фаолиятини бошлаган ёшларимиз ҳам кўп.

Шу маҳаллада яшовчи Шуҳрат Холиқов бир муддат олдин ишсиз ёшлар сафида эди. Ёшлар етакчисининг маслаҳатига амал қилган Шуҳрат банкдан 33 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, ҳудуднинг энг оғир бўлган  – ичимлик суви муамосига ечим топди.

— Қўрғонимизда ичимлик суви муаммо, - дейди Ш.Ҳолиқов. – Маҳаллаларимиз тошлоқ ҳудудда жойлашганлиги сабабли артезиан қудуқ кавлаб бўлмайди. Ернинг нисбатан юза қисмидаги сув эса ичишга яроқсиз. Шу боис қўрғончага ичимлик суви юк машиналарида олиб келиниб сотилади. Мен кредит маблағига сувни фильтрлаш ускунасини харид қилдим. Энди аҳолига шу ернинг ўзида сувни тозалаб сотяпмиз. Бу сув халқимизга анча арзонга тушади. Шу кунларда қўрғонимиздаги барча маҳаллаларга тоза ичимлик суви етказиб беришни йўлга қўйганмиз.

Маҳалла ёшлари турли кўрик-танлов ва спорт мусобақаларида ҳам фаол қатнашиб келмоқда. Жумладан, улар Ёшлар фестивали доирасида ўтказилган “Заковат” интеллектуал ўйини ҳамда ўғил болалар ўртасидаги минифутбол мусобақасининг Каттақўрғон шаҳар босқичида иккинчи, волейбол мусобақасининг вилоят босқичида учинчи, стритбол мусобақасининг вилоят босқичида биринчи ўринни эгаллаб, республикада ҳам муносиб иштирок этиб қайтишди.

— Маҳалламизда ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил 3 нафар ёшлар бор эди, - дейди Меҳриддин Раҳматов. – Бугун улар ҳам ўз иқтидорини кўрсатишга, яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиб қолишга интиляпти. Ҳатто улардан бири фаол ёшлардан иборат “Қалқон” гуруҳига аъзо бўлди. Энди у ҳудудда осойишталикни таъминлашга ҳисса қўшмоқда.