Институт талабалари Вонкванг университетида ўқийди

Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институтига Жанубий Кореянинг Вонкванг университети халқаро масалалар бўйича масъул вакили, профессор Kang Yeon Seok бошчилигидаги делегация келди.
Учрашувда институт ректори, профессор Шавкат Ҳасанов меҳмонларга институт фаолияти, яратилган шароитлар, Жанубий Корея билан ҳамкорликдаги лойиҳалар тўғрисида батафсил маълумот берди.
Делегация раҳбари ҳам ўз олийгоҳи ҳақида тақдимот қилди. Маълумот ўрнида айтиш керакки, Вонкванг университети Жанубий Кореянинг нуфузли олий таълим муассасаларидан бири бўлиб, Иксан шаҳрида жойлашган. Университет 1946 йилда ташкил этилган ва бугунги кунда илғор ва кенг қамровли тадқиқотлар олиб бориш учун зарур бўлган лабораторияларга эга. Мазкур университетда қишлоқ хўжалиги, хусусан, озиқ-овқат, доривор ўсимликлар бўйича илмий изланишлар олиб бориш имкони мавжуд.
Учрашувда томонлар ўртасида истиқболдаги ҳамкорлик режалар муҳокама қилинди ва ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Келишувга биноан, дастлабки босқичда интитутдаги бакалавриат босқич талабаларнинг бир қисми Вонкванг университетида ўқитилади, кейинги босқичларда эса магистратура ва докторантурада ўқиётган талаба ва тадқиқотчилар учун стажировкалар ташкил қилиниши белгиланди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институтининг халқаро даражадаги ҳамкорлари сони йилдан йилга кўпайиб бормоқда. Буларнинг барчаси институтда янги илмий лойиҳалар йўлга қўйилишига, таълим сифатининг ошиши, унда халқаро тажрибалар асосида янгича ёндашувларнинг жорий этилишига, профессор-ўқитувчиларнинг хорижий стажировкалар орқали малакаларининг ошишига хизмат қилмоқда.
СамАТИ ахборот хизмати.