Институт Япониянинг JICA ташкилоти билан янги лойиҳа бўйича ҳамкорликни бошлади

Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институтига Япониянинг Халқаро Ҳамкорлик Агентлиги (JICA) вакилларидан иборат делегация ташриф буюрди. Ташриф давомида меҳмонлар институт фаолияти, таълим жараёнлари ҳамда талабаларнинг илмий-инновацион ишланмалари билан яқиндан танишди. Хусусан, талабалар томонидан ишлаб чиқилган стартап лойиҳалар тақдим этилиб, уларнинг амалий аҳамияти ва истиқболлари муҳокама қилинди.
- Бугунги ҳамкорлик нафақат институтимиз, балки талабаларнинг келажаги учун ҳам муҳим қадамдир, - деди институт ректори, профессор Шавкат Ҳасанов. - JICA билан биргаликда амалга ошириладиган лойиҳалар ёшларга ўз ғояларини ҳаётга татбиқ этиш имконини беради.
Суҳбат чоғида томонлар JICAнинг POVOP (Promoting One Village One Product) дастури доирасида ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олдилар. Мазкур лойиҳа дастлаб Каттақўрғон туманида ва институт базасида пилот лойиҳа сифатида амалга оширилиши белгиланди. Лойиҳа доирасида талабалар стартапларини молиялаштириш, уларни оммалаштириш ва амалиётга жорий этишга алоҳида эътибор қаратилади.
Ташриф сўнгида томонлар истиқболдаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда қўшма лойиҳаларни кенгайтириш борасида ўзаро келишувга эришди.