Иқтисодий салоҳиятнинг асосий кўрсаткичи

Маҳсулотларни ташқи бозорларга олиб чиқиш, экспорт ҳажмини ошириш ва янги бозорларни ўзлаштириш ҳудуд иқтисодий ривожининг муҳим йўналишларидан биридир.

- Шу маънода жорий йилнинг биринчи ярмида 497,1 миллион долларлик маҳсулотлар экспорт қилиниб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 21 фоиз ўсишга эришилди, - дейди вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Шербек Бўронов. - Бундан ташқари, экспорт таркибини диверсификация қилиш мақсадида 87 та янги корхона ташқи бозорларга жалб этилди. Жомбой туманидаги “Iqbol Trade” масъулияти чекланган жамиятининг Афғонистонга 1,2 миллион долларлик ун маҳсулотлари экспорт қилгани ана шундай самарали натижалардан биридир.

Бугунги глобал бозор шароитида маҳсулот сифати ва халқаро стандартларга мувофиқлик экспорт муваффақиятининг асосий шартларидан бири ҳисобланади. Шу мақсадда вилоятда корхоналарни халқаро стандартларга мослаштириш ва сертификатлаш ишларига катта эътибор қаратилмоқда. Ҳисобот даврида 40 та корхона халқаро стандартлар асосида тайёрланиб, уларга 81 та сертификат, жумладан ISO 9001, CE, OEKO-TEX каби халқаро сертификатлар олишда амалий ёрдам кўрсатилди.

Бундан ташқари, корхоналаримизнинг нуфузли халқаро кўргазмаларда иштирок этиши экспорт имкониятларини кенгайтиришда муҳим омилга айланмоқда. Жумладан, вилоятнинг 37 та корхонаси Германиядаги Heimtextil, Бирлашган Араб Амирликларидаги Gulfood, Россиядаги RosBuild каби халқаро кўргазмаларда қатнашди. Натижада Нидерландия, Янги Зеландия, Бангладеш каби янги бозорларга чиқиш имкониятлари яратилди.

Ўтган олти ойда GSP+ тизими доирасида Европа бозорига 17 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди. Умуман, Европа йўналишидаги экспорт ҳажми ўтган йилга нисбатан 113 фоизга ўсди.
Экспорт бозорлари эса Россия, Хитой, Афғонистон, қўшни давлатлар ва Европа мамлакатлари ҳисобига тобора кенгайиб бормоқда.

Энг муҳими, бу жараёнлар аҳоли учун янги иш ўринлари, тадбиркорлар учун янги имкониятлар ва ҳудуд учун барқарор иқтисодий ўсиш истиқболларини яратмоқда. Пировардида Самарқанд нафақат тарихий ва маданий марказ, балки инвестиция учун жозибадор, экспорт салоҳияти юқори ва замонавий иқтисодиётга эга ҳудуд сифатида янги тараққиёт босқичига қадам қўймоқда.