Иқтисодиёт юксалса, муаммоларга осон ечим топилади

Вилоят телерадиокомпаниясининг 1 августдаги «Очиқ мулоқот» кўрсатувида вилоят иқтисодиёт ва саноат, бандлик, бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси, савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармалари мутасаддилари иштирок этди.

Вилоятда биринчи ярим йилликда эришилган макроиқтисодий кўрсаткичлар ҳақида тўхталар экан, вилоят иқтисодиёт ва саноат бошқармаси бошлиғи Х.Назаров шундай деди:

- Жорий йилнинг биринчи ярмида вилоятимизда 15 триллион 383 миллиард сўмлик ялпи ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқарилди. Саноат йўналишида 7 триллион, қишлоқ хўжалигида 10 триллион, пудрат ишларида 2 триллион, чакана савдода 6,8 триллион сўм, хизматлар кўрсатишда 5 триллион сўмдан ортиқ маблағ ўзлаштирилди.

Шунга қарамасдан, мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланмаяпмиз. Вилоятда етиштирилаётган мева-сабзавот маҳсулотларининг атиги 12 фоизи, гўшт маҳсулотларининг 8 фоизи, сутнинг 25 фоизи қайта ишланяпти, холос. Яқинда Президентимиз вилоятга ташрифи давомида олдимизга кўплаб вазифаларни қўйди. Фойдаланилмаётган бинолар, ер майдонлари, яйловларни ўзлаштириш, ҳар бир соҳанинг ичига кириб, тадбиркорларга яқиндан ёрдам бериш бўйича амалий ишларга қўл уриш лозим.

Мулоқот экспертлари - Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти профессори М.Пардаев, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Ф.Тошев аҳоли фаровонлигини ошириш, жойлардаги мавжуд муаммоларга ечим топиш иқтисодиётнинг юксалиши билан боғлиқ эканига тўхталди.

- Вилоят иқтисодиётини кўтариш борасида ҳали анчагина камчиликларимиз бор, - деди М.Пардаев. - Шунча имконият яратиб берилишига қарамасдан, вилоятда импорт билан экспорт орасидаги тафовут жуда катта (182 миллион АҚШ доллари миқдорида экспорт, 632 миллион долларлик импорт қилинган). Маҳсулотларни экспортбоп ишлаб чиқариб, уларни халқаро андазалар даражасига етказганимизда эди экспортимиз импортга нисбатан ошган бўларди.

Катта туризм салоҳиятига эга вилоятда хизматлар экспорти ҳам мақтанарли даражада эмас. Чунки хизматлар экспорти – бу ташқаридан келганларга шу ернинг ўзида хизмат кўрсатиш дегани. Етакчи туризм мутахассислари билан гаплашганимизда, улар Самарқандда моддий-техник база юқори даражадалиги, аммо хизматлар кўламининг пастлиги, оқибатда сарф-харажатга мўлжаллаб олиб келган пулларининг ярмини қайтариб олиб кетишаётганини таъкидлашади.

Иқтисодиётнинг ана шу томонларини изчиллик билан кўриб чиқиш зарур. Президентимиз ҳам айнан шу масалани ўртага ташлаяпти. Маҳсулотни шунчаки ишлаб чиқариш эмас, сифатли, экспортбоп тайёрлаш, сифат баҳонасида нархларни оширмасликни талаб этяпти. Шунинг учун кадрлар, тадбиркорлар бугунги кун руҳи билан ишлаши керак.

Баҳс-мунозара тарзида ўтган мулоқотда вилоят фуқаролари томонидан элликка яқин савол йўлланди. Тадбиркорлик, пенсия таъминоти, бандлик масалаларига оид саволларга бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси вилоят бошқармаси бошлиғи З.Жўраев, вилоят бандлик бош бошқармаси бошлиғи А.Усмонов, савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари А.Суюнов жавоб қайтариш баробарида фуқароларга ҳуқуқий маслаҳат ва тушунчалар ҳам беришди.