Ис газидан заҳарланиш ҳолатлари ускуналарни мавсумга тайёрламаганлик оқибатида келиб чиқяпти

Ҳар йили куз-қиш мавсумида аҳоли ўртасида ис газидан заҳарланиш ёки ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг содир бўлиши ўнлаб юртдошларимизнинг бевақт ҳаётдан кўз юмиши, ногирон ҳолатга тушиб қолишига сабаб бўлмоқда.
Бу каби ҳодисалар оддий ҳолатлар - газ асбобларидан фойдаланиш қоидаларига риоя этмаслик, иситиш печларини мавсумга тайёрламасликдан келиб чиқмоқда.
Жорий йилнинг 22 октябрь куни Хоразм вилояти Янгиариқ туманидаги хонадонлардан бирида 4 нафар ва 28 октябрь куни Фарғона вилояти Қўқон шаҳридаги кўп қаватли уйнинг хонадонларидан бирида 2 нафар фуқаро ис газидан заҳарланиб вафот этган. Бундан ташқари, 29 октябрь куни Самарқанд шаҳар Зафар кўчасидаги кўп қаватли уй хонадонларидан бирида газ ускуналаридан нотўғри фойдаланиш оқибатида хонада табиий газнинг тўпланиши ва ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши билан боғлиқ бахтсиз ҳодиса оқибатида 1 нафар фуқаро вафот этган.
Қуйида ис газининг пайдо бўлиши, унинг зарарли таъсири ҳамда заҳарланишнинг олдини олиш бўйича тавсиялар берилади:
* Ис гази (углерод оксиди) - рангсиз, таъмсиз, ҳидсиз заҳарли газ. Кимёвий формуласи - CO. У табиатда энг кўп тарқалган заҳарли газлардан бири бўлиб, уни “тилсиз ёв” деб ҳам номлашади.
Ҳар қандай ёқилғи турининг чала ёниши ис газининг пайдо бўлишига олиб келади. Яъни, кўмир, табиий газ ва бошқа ёқилғиларнинг тўлиқ ёнмаслиги сабаб юзага келади.
Ис газидан заҳарланиш қандай содир бўлади?
• Носоз дудбўрон, ҳаво алмашиш (вентиляция) каналлари, ностандарт иситиш жиҳозлари ва ускуналаридан фойдаланилганда;
• Газ плиталаридан иситиш мосламаси ўрнида фойдаланилганда;
• Очиқ оловдан ёпиқ бинода иситиш мақсадида фойдаланилганда.
Ис гази одам организмига қандай таъсир этади?
Нафас олиш жараёнида ҳаво таркибида 0,1 % ис газининг бўлиши, организмнинг ўлимига сабаб бўлиши мумкин.
Ис гази организмга тушганда у қон таркибидаги гемоглабин ва кислород ташувчи эритроцитларни ўзаро боғлаб, кислороднинг тана бўйлаб ҳаракатланишини чеклайди. Оқибатда инсон ҳушини йўқотиб, қайта ўзига келмаслиги мумкин.
Ис газидан сақланиш учун нима қилмоқ керак?
Ҳар йили иситиш мавсумидан олдин дудбўрон, ҳаво алмашиш (вентиляция) каналлари, иситиш жиҳозлари ва ускуналари созлигини тегишли ташкилотлар мутахассислари текширувидан ўтказиш лозим.
Носоз, деб топилган газ жиҳозлари ва қурилмалар тўлиқ таъмирланиб, соз ҳолатга келтирилмагунича, ундан иситиш мақсадида фойдаланмаслик, ёпиқ бинода очиқ оловдан иситиш мақсадида фойдаланилмаслик керак.
Азиз юртдошлар, куз-қиш мавсумида иситиш печлари, газ асбоблари ва дудбўронларнинг созлигига алоҳида эътибор беринг.
Ш.АҲМЕДОВ,
Самарқанд вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходими.