Ишончсиз "ишонч телефонлари"

Давлат органлари фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш фақатгина раҳбарларнинг аҳоли билан сайёр учрашувлар ўтказиши, мулоқот олиб бориб, халқнинг муаммоларини жойида ўрганиши билан белгиланмайди. Тегишли давлат органи томонидан бажарилган ишлар ҳақида ҳисоб бериши, буни ўз веб-сайтларига жойлаштириши ҳам бу жараёндаги муҳим амаллардан саналади. Хўш, ушбу шаффофлик вилоятдаги бошқарув органлари, бошқармалар сайтларида қай даражада намоён бўлмоқда?  


Юртимизда кечаётган тезкор ислоҳотлар жараёнида  аллақачон давлат бошқаруви органлари, ташкилот, бошқармалар веб-сайтларида ўзгариш бўлгандир, деган мақсадда баъзи сайтларга бир қур назар солдик. Афсуски, шаҳар, туман ҳокимликлари сайти қарийб бир ярим йилдан бери янгиланмаган экан. 
Бу масалада баъзи мисолларни келтириб ўтсак. Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги расмий веб-сайти www.kattakurgon.uzнинг "ҳокимлик раҳбарияти" бўлимига раҳбарият ҳақида маълумотлар тўлиқ киритилмаган ҳамда шаҳар ҳокими тўғрисидаги маълумотлар тўлиқ эмас. Веб-сайтнинг "ҳокимлик томонидан қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар" бўлимида охирги жойлаштирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат санаси 2016 йилнинг сентябрь ойига тўғри келмоқда. Сайтда ҳокимликнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари мунтазам янгилаб борилмаган. Йил номи ва дастури тўғрисида маълумотлар мавжуд эмас. Бош саҳифада "2017 йил – Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" баннери жойлаштирилган.


Оқдарё туман ҳокимлиги расмий веб-сайти www.oqdaryo.uzга охирги янгилик 2016 йилнинг февраль ойида киритилган. Сайт деярли икки йилдан бери янгиланмаган.
Пайариқ туманининг www.payarik.uz сайтида ҳамон "2016 йил – Соғлом она ва бола йили" баннери турибди.
Самарқанд шаҳар ҳокимлиги расмий веб-сайти www.samshahar.uzда охирги янгилик 2017 йилнинг декабри охирларида киритилган. "Раҳбарият" бўлимидаги маълумотлар етарли эмас. Раҳбарларнинг биографик маълумотлари, шунингдек, фотосуратлари мавжуд эмас.  "Интерактив хизматлар" бўлими яратилган, жисмоний шахслар учун, юридик шахслар учун ва қўшимча хизматлар бўлимларига бўлинган, аммо барчаси ишчи ҳолатда эмас. 
Аксарият туман, шаҳар ҳокимликлари веб-сайтидаги «ишонч телефонлари» нотўғри. Мисол учун, Каттақўрғон шаҳрининг kattakurgon.uz, Қўшработ туманининг www.qoshrabot.uz, Иштихон туманининг www.ishtixon.uz, Пайариқ туманининг www.payarik.uz, Тойлоқ туманининг www.tayloq.uz сайтларида келтирилган «ишонч телефонлари» нотўғри кўрсатилган. «Ишонч телефони» хато бўлган ҳокимлик сайтларига қандай ишониш мумкин?


Аксар бошқарма сайтларида ҳам аҳвол кўнгилдагидек деб бўлмайди. Мисол учун, Самарқанд вилоят архив иши ҳудудий бошқармасининг samarchiv.uz сайтида сўнгги янгилик 2016 йилда киритилган. Самарқанд вилоят давлат архитектура ва қурилиши назорати инспекциясининг samgasn.uz сайтидаги "Очиқ маълумотлар" бўлими очиқлигича қолмоқда. Сайт сўнгги бор 2017 йилнинг 13 декабрида янгиланган. 
Вилоят архитектура ва қурилиши бош бошқармасининг samarx.uz сайтидаги янгиликларга сана қўйилмаган. Эҳтимол, ортиқча бошоғриқдан қутулмоқчи бўлишгандир. Аммо берилган ахборотларнинг бири 2014 йил якунлари бўйича матбуот анжумани ҳақида эканлиги уларнинг сирини фош қилиб қўяди. 
Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасининг  samarqand.kasaba.uz сайтида янгиликлар ўз вақтида киритилаётганига гувоҳ бўлиш мумкин. Аммо "савол-жавоблар" бўлимидаги саволларга жавоб аниқ ва лўнда берилмаган. 


Вилоят давлат ветеринария бошқармасининг samvet.uz сайтидаги "бошқарма ҳақида", "норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар", "мурожаатлар" каби бўлимлар бўм-бўш.
Вилоят бандлик бош бошқармасининг sammehnat.uz сайтида ўтган йилнинг июль ойида Каттақўрғон туманида ўтказилган меҳнат ярмаркаси ҳақида ахборот берилган. Қизиқ, шу пайтга қадар бошқарма томонидан бошқа ҳудудларда меҳнат ярмаркалари ўтказилмадими?
Хуллас, бу каби камчиликларни кўплаб бошқарув органлари сайтида ҳам учратиш мумкин. Ишонмасангиз, ўзингиз сайтларга бир кириб кўринг.