Иштихон майизи-ю шафран гули аҳолини камбағалликдан чиқарадими?   

Иштихон тумани вилоятимизнинг иқтисодий салоҳияти юқори, бой тарих ва маданиятга эга ҳудудларидан бири ҳисобланади. Бир пайтлар фақат аграр соҳага ихтисослашган туманда бугун саноат, ишлаб чиқариш тармоқлари ривожланиб бормоқда. Ислоҳотларнинг туб замирида аҳолини рози қилиш, уларни иш билан таъминлаш, моддий манфаатдорлигини ошириш мақсадлари кўзланган. Хўш, бунга қандай эришилмоқда. Туман ҳокими Шуҳрат Негматов билан суҳбатимиз ўзгараётган Иштихон, бугунги ташвишлар ва истиқболдаги режалар хусусида бўлди.

- Фаровонликка эришиш, аҳолини рози қилиш албатта маблағга, ишсизликни камайтиришга бориб тақалади, - дейди Ш.Негматов. – 2017 йилда давлатимиз раҳбарининг туманимизга ташрифи чоғида бизга катта вазифалар қўйилди ва кластер корхоналарини ташкил қилиш бўйича йўналишларни белгилаб берилди. Мисол учун, пахтачилик тармоғи катта зарар билан ишлаётган соҳалардан эди. Президентимиз Иштихон туманида пахтани қайта ишлаш борасида камида иккита корхона қуриш лозимлигини белгилаб бердилар. Шу йўналишда иш олиб бориб, бир йилда кластер корхонаси ва қиймати 30 миллион долларлик текстиль корхонаси ташкил этдик, 1,5 мингта иш ўрни яратилди. Бундай йирик корхоналарнинг очилиши туманимизда тадбиркорликнинг ривожланишига, саноат тармоқларидаги янги имкониятларнинг очилишига туртки берди. 

Бу ишларнинг мантиқий давоми сифатида Митан шаҳарчасида 200 нафар хотин-қизни иш билан таъминлаш имконига эга иккита трикотаж фабрикаси ишга тушириляпти. Халқобод маҳалласида ҳам 150 нафар қишлоқ аёллари бандлигини таъминловчи тикувчилик корхонаси очилмоқда.

- Рақамларга қарайдиган бўлсак, туманда импорт салмоғи жуда юқори. Бу маҳсулотни қайта ишлаш тармоқлари ривожланмаганидан далолат берадими?

- Ҳақиқатан ҳам туманимизга 10 миллион 136 минг долларлик маҳсулот импорт қилинган. Лекин импорт таркибида 9,8 миллион долларлик асбоб-ускуналар келтирилган. Бу туманда тадбиркорлик, саноат ривожланаётганидан далолат. Бу йил 82 та лойиҳа устида иш олиб боряпмиз, ҳозиргача уларнинг 54 таси ишга тушди ва йил якунигача барча лойиҳар фаолият бошлайди. Импортни камайтиришдаги муҳим жиҳатлардан бири ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш. Бу йўналишда ҳозиргача туманимиздаги корхоналарда юк автомобиллари ва автобуслар учун ички ёриткичлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Кейинги йилда мото ва мини культиватор, уч ғилдиракли юк мотоцикллари, декор пластик маҳсулотлари, автомобиллар учун термопласт эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш режалаштирилган.

Туманда ишлаб чиқариш ривожланаётгани аҳолининг ҳам тадбиркорликка қизиқиши ортишига олиб келди. Масалан, ўтган йили туманимизда рўйхатдан ўтган кичик тадбиркорлик субъектлари сони 1300 нафар эди, ҳозир фаолият юритаётган субъектлар 1700 дан ошди.

Киритилаётган сармоялар ҳақида тўхталадиган бўлсак, аввал ҳам инвестиция ҳақида гапириларди, лекин инвесторнинг қаердан, қандай келишини кўпам ҳис қилмасдик. Бугун тўғридан-тўғри сармоя киритиш бўйича Хитойнинг ўзидан 1 миллион 400 минг долларлик маблағ киритилиб, неча йиллардан буён фойдаланилмаётган мармар конларидан маҳсулот олиш бошланди. Сармоядорлар яна 10 миллион доллар инвестиция киритиб, бу соҳани экспорт даражасига олиб чиқиш ва туманимизда бу йўналишда саноат кластерини ташкил этиш бўйича иш олиб бормоқда. Қолаверса, инвестиция дастури асосида туманимизда жорий йилда 146 миллиард сўмлик 89 та лойиҳани ишга тушириб, 800 дан ортиқ иш ўрни яратишни мақсад қилганмиз. 2019 йилнинг 9 ойида 229 миллиард сўмлик 34 та лойиҳа ишга туширилиб, 570 та иш ўрни яратилган бўлса, бу йил шу муддатда 67 миллиард сўмлик 54 та лойиҳа ишга тушди ва 400 га яқин иш ўрни яратилди. Яна йил якунига қадар 79 миллиард сўмлик 35 та қувватни ишга тушириб 400 дан ортиқ аҳоли бандлигини таъминлаш ниятидамиз. Ишлаб чиқариш тармоқларининг ривожланиши билан бирга кўплаб ижтимоий соҳа объектларида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Туман марказидан ўтувчи катта йўлни таъмирлаш учун 20 миллиард сўм маблағ ажратилиб реконструкция ишлари бошланган.  

- Туманда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш масаласида қандай ўзгаришлар бўляпти?

- Туманимизда қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган 30 750 гектар ер бор ва шундан 18 минг гектардан ортиғи суғориладиган майдон ҳисобланади. Сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш мақсадида ўтган йили 2491 гектар майдонда сув тежовчи технологиялар ўрнатилган бўлса, бу йил 508 гектар лалми майдон ана шундай технологиялар билан жиҳозланди. 2021 йилда эса 700 гектар пахта майдони ва 1000 гектар лалми майдонга шундай замонавий технологиялар жорий этиш режалаштирилган. Чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик тармоқларида ҳам янги ва йирик лойиҳалар ишга туширилди. Иштихон ҳақида гап кетганда узумчиликка алоҳида тўхталмасдан ўтиб бўлмайди. Туманимизда узумчиликни ривожлантириш мақсадида жорий йилда 17 нафар маҳаллий инвестор томонидан 508 гектар майдонда 11 миллиард 684 миллион сўмлик томчилатиб суғориш технологияси ўрнатилди ва 300 кишининг бандлиги таъминланди.

Албатта маҳсулотни етиштиргандан кейин уни қайта ишлаш ва сотиш муҳим. Ҳозирда туманимиздаги 5300 гектар узумзордан 53 минг тонна ҳосил ва ундан 13 минг тоннадан ортиқ экспортбоп майиз олинади. Демак ўрта ҳисобда майизнинг ўзидан 13 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш имконияти бор. Ҳозиргача экспортёр корхоналаримиз Эрон, Туркия давлатларига маҳсулот чиқаришни бошлади. БАА, Афғонистон, Хитой, Россия, Қозоғистон билан ҳамкорлик шартномалари тузилмоқда.

Мисол учун, 2018 йилда 13 давлатга 8 миллион 927 минг долларлик маҳсулот экспорт қилинган ва унинг кам фоизини узум ва майиз ташкил қилган. 2019 йилда экспорт географиямиз кенгайиб 20 та давлатга 13 миллион доллардан ортиқ маҳсулот сотдик ва унинг қарийб 3 миллион долларини узум ва майиз ташкил этди. Бу йилги пандемия шароитига қарамасдан экспортёрларимиз ҳозиргача 4,5 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилган бўлса, эндиликда Европа мамлакатларидан, хусусан Германия ва Австриядан ҳам майизга қизиқиш бўлаётганини ҳисобга олиб маҳсулотни кўҳна қитъага ҳам сотиш имкониятларини кўриб чиқяпмиз. Майизни қайта ишлаш ва қадоқлаш ва экспорт салоҳиятининг ортишида туманимизда хорижий сармоя иштирокида ташкил этилган логистика корхоналарининг улуши катта бўлмоқда.

Қолаверса, бу йилдан пиллачилик соҳасида ҳам катта ўзгаришлар бўляпти. Аввал пилла фақат хомашё сифатида сотилган бўлса, эндиликда тайёр маҳсулот ҳолида сотиш режалари ишлаб чиқилди ва амалга оширилмоқда.

- Камбағалликни камайтириш, бандликни таъминлаш, аҳолининг даромад манбаини шакллантириш борасида Иштихон туманида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

- Бу йилги пандемия шароитида камбағал ва эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида тумандаги 1715 оилага фермер хўжаликлари томонидан ғалладан бўшаган майдонлардан такрорий экин учун 500 гектардан ортиқ ер ажратилди. Шунингдек, камбағалликни қисқартириш, ишсизликни камайтириш учун 273 гектар ерда 9 та ишлаб чиқариш кооперативлари ташкил этилиб, уларда қарийб 400 нафар кам таъминланган оиланинг бандлиги таъминланди, уларнинг ҳар бирига 2 миллион 230 минг сўмдан субсидия ажратилди.

Мисол учун, “Чуқуркўл балиғи” ишлаб чиқариш кооперативига 22,7 гектар ер майдони ажратилиб, у ерда 48 нафар ишсиз фуқаронинг ҳар бирига қарийб 50 сотихдан ер ажратилди. Уларни камбағалликдан чиқариш мақсадида ер шароитини ҳисобга олган ҳолда шоли экиб берилди ва тажриба тариқасида шолизорда балиқ чавақларини етиштириш тажрибаси амалга оширилмоқда. Ҳисоб-китоб қилганимизда шоли ўртача 80 центнердан ҳосил берганда ҳам ҳар бир оила камида 3 тонна тайёр гуруч олади. Бу эса ҳар бир оила камида 30 миллион сўм даромадга эга бўлади, дегани. Бу оилаларни камбағалликдан чиқаришнинг энг мақбул йўлларидан бири ҳисобланади. Биз яна оилалар даромадини ошириш ва бандликни таъминлаш борасида янги йўналишларни ва имкониятларни ҳам кўриб чиқяпмиз. Бунга туманда шафран гули етиштиришни мисол қилишимиз мумкин. Бу ўсимликнинг маданий ва ёввойи навлари бор. Кўпчилик шафраннинг маданий нави билан шуғулланади, ҳақиқатда бу нав анча қиммат ва унинг уруғини олиш ҳам катта харажат талаб этади. Лекин биз кейинги икки-уч йилда унинг ёввойи нави билан шуғулланиб, кўп хонадонларда экиб, даромадини кўрдик. Буни ҳам юқори даромадли соҳага айлантириш мумкин экан. Асосийси бу ўсимликка ҳеч қандай ортиқча харажат талаб қилинмайди, ўғит берилмайди, фақат экишдан олдин бир марта суғорилади. Яна бир афзал томони бу ўсимлик февраль ойида экилиб, июль-августда гули териб олинади, ўрнига такрорий экин экса ҳам бўлади. Шу боис, бу йил 100 дан ортиқ хонадондаги 3 гектар майдонга шафран экдик. Ҳисоб-китобларга кўра, 1 сотихга экиладиган шафран уруғи бугунги кунда 1000 сўмга ҳам бормайди, лекин шу майдондан камида 5 килограмгача шафран гули олиш мумкин. Бу гулнинг 1 килограми маҳаллий бозорларда 500 минг сўм, айрим жойларда 600-700 минг сўмдан ҳам сотиляпти. Агар ўртача ҳисоблаганимизда ҳам 1 сотихдан 2 миллион 500 минг сўм даромад олиш мумкин. Шунинг учун биз 2021 йилда барча камбағал оилага етадиган даражада шафран уруғини жамғардик. Камбағал оилалар камида 5 сотихдан шу ўсимликни экади ва биз унинг уруғини бепул етказиб берамиз. Режага кўра, 2021 йилнинг якуни билан туманимиздаги кам таъминланган оилаларнинг асосий қисми камбағалликдан чиқади.

- Кўп йиллардан буён туманни бошқараётган ҳоким сифатида Иштихоннинг энг оғир ва яхши томонларини нимада кўрасиз?

- Иштихонликлар аввалдан ҳам тадбиркор, ишбилармон, меҳнаткаш халқ. Қайси соҳада бўлса ҳам изланувчанлиги, ҳалоллиги билан муваффақиятларга эришган. Бу ютуқлар ўзимизники лекин бизни қийнайдиган энг оғир масалалардан бири ишсизлик. Туманда яшаб турган аҳолининг бандлигини таъминлаш учун ҳаракат қиляпмиз. Лекин ҳозир хорижда ишлаётган фуқароларимизни олиб келишимиз ва уларни муносиб иш билан таъминлашимиз лозим. Оғриқли томонларимиздан бири ҳам четда юрган фуқароларимизга уларнинг эҳтиёжига етарли маош бера олмаётганимизда бўлмоқда. Агар биз хорижий инвестицияни кўпроқ жалб этиб, иш ўринлари яратиб, эҳтиёжга етадиган даражада маош бера олсак, улар албатта шу ерга қайтиб, туманнинг ривожи учун меҳнат қилишади.

- Самимий суҳбатингиз учун раҳмат.

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ суҳбатлашди.

Бахтиёр МУСТАНОВ фото.