Иштихонда туғруқ таътилидан қайтган ҳамшира ишга олинмаган. Масалага адлия идораси аралашди
Иштихон тумани адлия бўлими бошлиғи Б.Боймуродовнинг маълум қилишича, С.Расулованинг бола парвариши таътилидан сўнг ўз иш ўрнига чиқиши туман тиббиёт бирлашмаси маъмурияти томонидан пайсалга солинган.
Шу боис, у ўз ҳуқуқларини тиклашда адлия идораларига мурожаат қилган. Ўрганиш жараёнида иш берувчи, яъни туман тиббиёт бирлашмаси маъмурияти томонидан меҳнат тўғрисидаги қонун хужжатлари талабларига риоя қилинмаганлиги, қонун бузилиши ҳолатларига йўл қуйилганлиги, бу билан шахснинг қонун билан кафолатланган хуқуқ ва манфаатларига зиён етказилганлиги аниқланган.
Аниқланишича, 2018 йил 19 сентябрдаги буйруқ билан С.Расуловага 2018 йил 18 сентябрдан 2020 йил 18 сентябргача бола парвариши таътили берилган. Жорий йил февраль ойида С.Расулова бола парваришидан ишга қайтиш масаласида маъмуриятга мурожаат қилганда, ходимнинг қонун билан кафолатланган ўз иш ўрнига ишга қабул қилиниши таъминланмаган ва ишга чиқишга рухсат беришни буйруқлаштириш бирор бир асос билдирилмаган ҳолда рад этилган.
Ваҳоланки, Меҳнат кодексининг 234-моддасида бола икки ва уч ёшга тўлгунга қадар парваришлаш учун таътиллар берилиши, ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаганидан кейин аёлнинг хоҳишига кўра, унга боласи икки ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун таътил берилиб, бу даврда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда нафақа тўланиши, аёлга унинг хоҳишига кўра, боласи уч ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун иш ҳақи сақланмайдиган қўшимча таътил ҳам берилиши мумкинлиги, болани парваришлаш таътиллари даврида аёлнинг иш жойи (лавозими) сақланиши лозимлиги кўрсатилган.
Ҳолатдан келиб чиқиб, тиббиёт бирлашмаси бош врачининг 1 миллион 115 минг сўм маъмурий жарима жазосига тортилиши, С.Расулованинг ишга жойлаштирилиши таъминланди.