Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Иштихонда хитойлик агроном чигит экяпти

Бу йил қанча майдонга сув тежовчи технология жорий этилади? Аграр тармоқда қандай ўзгаришлар бўлади? Ғалла ўримига тайёргарлик ишлари қай аҳволда?

“Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси томонидан Иштихон туманига уюштирилган пресс-турда шу каби саволларга жавоб олдик.

Дастлабки манзилимиз тумандаги “Мухтор Қобилов” фермер хўжалиги бўлди. Ушбу фермер хўжалиги томонидан субсидия асосида Туркиянинг “ERMAC” русумли лазерли ер текишлаш ускунаси яхши самара берган. Шунингдек, фермер хўжалиги томонидан 34,8 гектар майдонга юқори унумли “PlANTER-D4” русумли пневматик сеялкада чигит экилмоқда.

- Бу йилги чигит экиш мавсумида вилоят бўйича 1544 та чопиқ трактори, шунча культиватор, 865 та сеялка, 207 та ер текислагич, 1047 та тишли борона мавсумга шай холатга келтирилди, - дейди “Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси шуъба бошлиғи Санжар Қурбонов. - Вилоят бўйича ғалла ўриш мавсумида эса жами 259 дона турли русумдаги юқори унумли дон ўриш комбайнлари ва техникалар жалб этилмоқда. Вилоят бўйича 45 та лазерли ер текистлагич ускунаси олинган бўлиб, йил якунигача яна 60 та техника харид қилиниши режалаштирилган. Замонавий техникалар ер ҳолатини яхшилаш, ҳосил унумдорлигини ошириш, энг муҳими, сувни тежалишига хизмат қилмоқда.

Тумандаги “Мароқанд Сифат Текстил” МЧЖга қарашли машина трактор паркида жорий йил ғалла ўрим-йиғимида иштирок этадиган 16 дона, пахта терими учун 6 дона юқори унумли “John-Deere 9970” русумли терим машиналари мавсумга шай ҳолатга келтирилган.

- Жорий йилда туманимизда 8370 гектар майдонга чигит экиш режалаштирилган, - дейди “Ўзагроинспекция”нинг туман бўлими бош мутахассис Ойбек Сафаров. – Бунинг учун 124 дона чигит экиш сеялкаси, 20 та лазерли ер текислагич, 42 чизель, 1200 дона тишли борона ҳамда 124 дона чопиқ трактори жалб этилган. Бугунгача 7700 гектар майдонда чигит экиш ишлари якунланди.

2024 йилги ҳосил учун туманда 7648 гектар майдонда ғалла ўрилади ва бунинг учун 36 дона ғалла ўриш комбайни жалб этилган. Ушбу камбайнларни таъмирлаш учун 1 миллиард 360 миллион сўм маблағ сарфланган.

Тумандаги “Иштихон олтин ерлари” фермер хўжалигида Хитой технологияси асосида 320 гектар майдонда плёнка остига Чин ўлкасидан келтирилган янги навдаги бир марталик туксизлантирилган чигит экилмоқда. Экиш жараёнини хитойлик агроном Луан Син Миннинг ўзи бошқармоқда. Мутахассиснинг таъкидлашича, уларнинг усулида нафақат сув тежалишига эришилади, балки ҳосилдорлик ҳам ортади.

Ҳусан Элтоев.